Чустда бозордан қиймати 1 млн сўмдан ортиқ кийимларни ўғирлаган 2 нафар аёл ушланди

Наманган вилояти Чуст шаҳридаги буюм бозорида 23 октябрь куни нархи 1 100 000 сўмлик аёллар кийим-кечакларини ўғирлаган аёллар ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йил 23 октябрь куни Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро Ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилган. 22 октябрь куни соат 11:00 ларда Чуст шаҳридаги буюм бозорида савдо қилиб турган вақтида номаълум шахс раста устида турган, нархи 1 100 000 сўмлик аёллар кийим-кечакларини ўғирлаб кетганлигини маълум қилиб, чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат бўйича туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими вакиллари томонидан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Чуст туманида яшовчи икки нафар аёл содир этганлиги аниқланиб, далилий ашё олинган.

Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Андижон шаҳрида ётоқхонадаги сейфдан 41 минг доллар ўғирлаган қиз, Бухорода эса 77,7 миллион сўмлик қурилиш ускуналарини ўғирлаган шахс қўлга олинганди. Шунингдек, Норинда хонадонга яширинча девордан ошиб ўтиб, 3 миллион сўм ўғирлаган қизга жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар