Норинда хонадонга яширинча девордан ошиб ўтиб, 3 млн сўм ўғирлаган қизга жиноят иши қўзғатилди

Наманган вилояти Норин туманида 20 ёшли қиз хонадонга девор орқали яширинча тушиб, ётоқхонада бўлган сумкадаги 3 миллион сўмни ўғирлагани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, 16 октябрь куни туманда яшовчи 1986 йилда туғилган фуқаро туман Ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, бу ҳақда маълум қилган. Фуқаронинг аризасига асосан, 15 октябрь куни соат 14:00 дан 16:00 гача бўлган вақт оралиғида уйида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган номаълум шахс, ҳовлисига девор орқали ошиб кириб, ётоқхонасида бўлган сумкасидан 3 миллион сўмни ўғирлаб кетган.

Маълум қилинишича, туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув ҳаракатлари натижасида, ушбу жиноятни, Норин туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган қиз содир этганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 17 октябрь куни  Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Фарғонада ўғрилик қилиб, терговдан яширинган шахс ва Олтиариқда танишидан 41 миллион сўмлик узум сотиб олиб, пулини бермаган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Сўхда мижозларнинг пластик картасидан жами 150 миллион сўм ўғирлаган банкир ҳамда Қўқон давлат педагогика институтига киритишни айтиб, фуқародан 3 минг доллар пора олган олийгоҳ ходимлари ушлангани маълум қилинган.

Янгиликлар