Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 27 октябрнинг асосий хабарлари
«Worldometers» маълумотларига кўра дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 44 миллиондан ошди.
«Worldometers»нинг 27 октябрь, сешанба куни Тошкент вақти билан соат 22:30 даги маълумотларига кўра:
- дунё бўйича инфекция билан касалланганлар 44 055 642 киши;
- касалликдан тузалганлар 32 312 747 киши;
- инфекция оқибатида вафот этганлар 1 168 306 кишини ташкил этади.
Шунингдек, сўнгги сутка давомида дунё бўйлаб 279 904 та касалланиш ҳамда 4058 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Ўзбекистондаги вазият
Ўзбекистонда 27 октябрь соат 23:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 65 944 тани ташкил этмоқда.
Мамлакатда 27 октябрь куни 277 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Кунлик касалланиш ҳолатларининг 113 таси Тошкент шаҳрида, 71 таси Тошкент вилоятида, 16 таси Сурхондарё вилоятида, 14 таси Сирдарё вилоятида, 12 таси Андижон вилоятида, 11 таси Жиззах вилоятида, 10 таси Фарғона вилоятида, 8 таси Самарқанд вилоятида, 7 таси Бухоро вилоятида, 5 таси Қорақалпоғистонда, 5 таси Қашқадарё вилоятида ҳамда 5 таси Хоразм вилоятида қайд этилган.
Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 556 нафарга етган. 27 октябрь куни 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.
Кун давомида Тошкент шаҳрида 98 нафар, Тошкент вилоятида 75 нафар, Наманган вилоятида 34 нафар, Сирдарё вилоятида 16 нафар, Андижон вилоятида 13 нафар, Сурхондарё вилоятида 12 нафар, Жиззах вилоятида 9 нафар, Бухоро вилоятида 7 нафар, Қашқадарё вилоятида 6 нафар, Қорақалпоғистонда 5 нафар, Самарқанд вилоятида 5 нафар, Фарғона вилоятида 5 нафар, Хоразм вилоятида 4 нафар, жами 289 нафар бемор соғайган.
Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 65 944 нафар бемордан 63 165 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2233 нафар бемордан 276 нафари оғир, 75 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 26 октябрь куни 279 кишида коронавирус аниқлангани ва 3 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Жаҳондаги вазият
АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 8 980 349 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларда Ҳиндистон (7,9 миллион киши), Бразилия (5,4 миллион киши), Россия (1,5 миллион киши), Испания (1,1 миллион киши) бормоқда. Дунё бўйича эса коронавирус билан 40 миллиондан ортиқ киши касалланган.
Қозоғистонда 27 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 110 684 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда биринчи бўлиб турибди. Беморларнинг 105 766 нафари тўлиқ соғайган, 1796 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 142 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.
Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 36 931 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 28 548 нафари тузалган, 395 нафари вафот этган.
Қирғизистонда 27 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, 56 738 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 48 223 нафари соғайиб, 1136 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 7379 киши коронавирусдан даволанмоқда. Сўнгги сутка давомида ушбу касалликка чалинган 380 бемор соғайган.
Тожикистонда 27 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 10 860 тани ташкил қилмоқда. Беморларнинг 10 009 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 81 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўтган сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 41 тага кўпайган.
Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.
Россияда 27 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра коронавирус билан касалланганлар сони 1 547 774 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 1 158 940 нафари соғайган, 26 589 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 16 550 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 320 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 43,5 миллиондан ошгани ҳақида хабар берилган эди.