Марғилонда пиёданинг 800 минг сўмлик телефонини тортиб олган ҳайдовчи ушланди
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 22 октябрь куни пиёданинг 800 минг сўмлик телефонини тортиб олган «Nexia» ҳайдовчиси ушланди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 22 октябрь куни фуқаро Т.А. Ички ишлар боўқармасига мурожаат қилган. Мурожаатда айтилишича, шу куни номаълум шахс бошқарувида бўлган оқ рангли, рақамсиз «Nexia» машинаси «Наврўз» МФЙ ҳудудида пиёда ҳаракатланиб бораётган вақтида унинг ёнига келиб тўхтаган.
Шундан сўнг қўлида бўлган нархи 800 000 сўмлик «Redmi 5» телефонини очиқдан-очиқ тортиб олиб, ҳодиса жойидан яширинган. Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси (Талончилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни Х.Э. содир этганлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Маълумот учун, юқоридаги кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Аввалроқ Марғилонда фуқарони Қирғизистондаги университетга киритишини айтиб, ундан 2,6 минг доллар олган жиноий шериклар ушланганди. Шунингдек, Марғилонда қидирувда бўлган эркак Қувасойда ушлангани хабар қилинганди.