Марғилонда фуқарони Қирғизистондаги университетга киритишини айтиб, ундан 2,6 минг доллар олган жиноий шериклар ушланди
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида фуқарони Қирғизистондаги Ўш давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига ундан 2,6 минг доллар олган жиноий шериклар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
Хабарга кўра, ушбу ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Марғилон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Маълум қилинишича, фуқаролар У.С. ва Б.Ф. олдиндан тил бириктириб, фуқаро М.З.нинг ишончига кириб, уни Қирғизистондаги Ўш Давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2600 долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан У.С. ва Б.Ф.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Мавзуга доир: Марғилонлик фуқарони Қирғизистонга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1350 доллар олган избосканлик шахс ушланди
Аввалроқ Бувайдада фуқарони ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2 минг доллар пора олган шахслар ва Андижонда ўқишга киритиб қўйишини айтиб, 4 минг доллардан ортиқ пул талаб қилган ўқитувчи ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Кейинчалик Наманганда ўқишга киритиб қўйишини айтиб, салкам 2 минг доллар талаб қилган университет ўқитувчиси ҳамда Ромитанда фуқарони тиббиёт коллежига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 400 доллар «ишламоқчи» бўлган шахс қўлга олингани маълум қилинди.