Марғилонлик фуқарони Қирғизистонга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1350 доллар олган избосканлик шахс ушланди

Марғилон шаҳрида яшовчи фуқарони Ўш давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1350 доллар олган избосканлик шахс қўлга олинди.

Маълум қилинишича, Андижон вилояти Избоскан туманида яшовчи 1997 йилда туғилган шахс Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони Ўш давлат университетининг тиббиёт факультетига ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишга киритиб қўйишга ваъда берган ҳамда ушбу хизмати эвазига 1350 доллар сўраган.

Қайд этилишича, избосканлик фуқаро сўраган пулларини олаётган вақтида ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168- ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бувайдада фуқарони ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2 минг доллар пора олган шахслар ва Андижонда ўқишга киритиб қўйишини айтиб, 4 минг доллардан ортиқ пул талаб қилган ўқитувчи ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Наманганда ўқишга киритиб қўйишини айтиб, салкам 2 минг доллар талаб қилган университет ўқитувчиси ҳамда Ромитанда фуқарони тиббиёт коллежига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 400 доллар «ишламоқчи» бўлган шахс қўлга олингани маълум қилинди.

Янгиликлар