Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш тартиби ўзгариши мумкин

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун имтихон олиш Ички ишлар вазирлигидан хусусий секторга берилиши кутилмоқда. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Қайд этилишича, ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икрамовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида берган ахборотида бу ҳақида айтиб ўтилган.

«Вазир ўринбосарининг билдиришича, ҳужжат лойиҳасига кўра, имтихон олишга мослашган автодромлар ва имтихон олиш тизими тўлиқ хусусий секторга берилади ва ИИВ буни мониторинг қилиб боради. Бу жараён 2021 йил давомида амалга оширилиши кутилмоқда. Умид қиламизки, бу ҳайдовчилик масъулиятини ошириб, йўлларимизда маданиятли ҳайдовчилар кўпайишига хизмат қилади», — деб ёзади Расул Кушербаев.

Аввалроқ Фарғона ЙҲХБнинг Рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлимлари дам олиш кунларида ҳам ишлаши, Фарғонада йўл ҳаракатлари қоидаларини бузган Ички ишлар бошқармаси ходимига чора кўрилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар