Ўзбекистонда ўқувчилари ОТМга кира олмаган мактаблар сони 3 баробарга камайгани маълум қилинди

Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 2020/2021 ўқув йилида ўқувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кирмаган мактаблар сони 2019 йилга нисбатан уч баробарга камайганини маълум қилди.

Фото: «news.mail»

Таъкидланишича, ўқишга ҳужжат топширган 1,5 миллион абитуриентнинг 23 фоизи 2020 йилдаги мактаб битирувчилари бўлиб, улар давлат гранти квотасининг 50 фоизини эгаллаган. Қолган 77 фоиз абитуриентни ташкил этган лицей, коллеж битирувчилари ёки 2019 йилги битирувчиларнинг умумий натижаси мактаб битирувчилариникидан ортда бўлган.

Шерзод Шерматовнинг сўзларига кўра, олий таълимга бирорта ҳам ўқувчиси кирмаган мактаблар сони 3 баробарга камайган, яъни 2019 йилда уларнинг сони 2126 та эди, 2020 йилда эса 692 тага тушган.

«Энди буёғига директорларимиз ва мактаб жамоаси фақат натижага ҳаракат қилиши керак. Натижа — битирувчиларнинг ҳаётда муваффақиятга эришиши. Уларнинг бир қисми ўқишнинг кейинги босқичига ўтса, кейинги қисми ўз ишини топиб кетишидир. Ўқишга ҳам кира олмаса, иш ҳам топа олмаса, кейинчалик ёшларимиз ҳаётда қийналиб қолишади. Шу сабабли мактаб давридаги вақтини айнан шу натижага йўналтириши, шу жумладан, ота-оналар билан ҳамкорликни кучайтириши керак», — деб ёзган вазир.

Инфографика: Telegram / Шерзод Шерматов

Қайд этилишича, бир ой давомида Хоразм, Навоий, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларидаги яхши кўрсаткичга эга ва умуман натижа кўрсатмаган мактабларни солиштирганда асосий фарқ айнан директор ва мактаб жамоасининг ўз касбига бўлган фидойилиги туфайли юзага келаётгани маълум бўлган.

«Солиштирганда кўринадики, аксарият ёмон кўрсаткичга эга мактабларнинг моддий техник ҳолати яхши кўрсаткичга эга бўлган мактабникидан анча яхши бўлиб чиқяпти. Эскичасига — фақат мактабнинг ташқи кўринишига қараб директорга баҳо берилганида, аксинча, булар яхши бўлиб чиқарди ва яхши натижа кўрсатган директорга эса мактабининг кўриниши яхши бўлмагани сабабли чора кўрилиши мумкин эди», — деб ёзган Шерзод Шерматов.

Аввалроқ Шерзод Шерматов Қашқадарёдаги 20 та мактаб директорини ишдан бўшатгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сирдарё туманида 5 та мактаб директори ишдан бўшатилгани маълум қилинган.

Янгиликлар