Сирдарё туманида 5 та мактаб директори ишдан бўшатилди

Сирдарё туманида 12 ноябрь куни 5 та мактаб директори ишдан бўшатилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Таъкидланишича, 12 ноябрь куни таълим инспекциясининг Сирдарё вилояти бўлими томонидан Сирдарё туманида ўтказилган ўрганиш мобайнида бир қатор камчиликлар борлиги аниқланган. Инспекциянинг вилоят бўлими томонидан ўтказилган ўрганишлар хулосасига кўра, тумандаги бир қатор умумтаълим мактабларида ўтилаётган дарсларнинг сифати пастлиги, ўқитувчиларнинг дарсларга тайёргарликсиз келиши, ўқувчилар давомади назорати сустлиги, тарбиявий ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги аниқланган.

Фото: ЎзА

Тумандаги 42-умумтаълим мактабида 2020 йилнинг ўзида 3 нафар 11-синф ўқувчиси талончилик жиноятини содир этган. 21-мактаб ўқувчиси Ш.У. эса гиёҳвандлик моддаси билан мутасадди идора ходимлари томонидан қўлга олинган. Шуниндек, 27-умумтаълим мактаби ўқувчиси С.Р. вояга етмаганлар ўртасида жиноят содир этган.

Қайд этилишича, таълим сифатининг пастлиги туман бўйича 2020 йилда мактабни тамомлаган 1 минг 635 нафар битирувчидан атиги 179 нафари ёки 14,6 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Йиғилишда вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан тумандаги 5 та умумтаълим мактабининг директори йўл қўйган хато ва камчиликлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Аввалроқ Шерзод Шерматов Булунғурдаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини танқид қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Эркин Турдимов Нурободдаги сўнгги 2 йилда бирорта битирувчиси талаба бўлмаган 4 та мактаб фаолиятини танқид қилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар