Тошкентда минглаб фуқароларни хорижга ишга юбориш билан алдаб келган агентлик мансабдорлари қамалди

Тошкент шаҳри Яшнобод туманида минглаб фуқароларни хорижга ишга юбориш билан алдаб келган «Recruit consulting work xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдорлари турли муддатларга қамалди.

Фото: Recruit consulting work ХБА

Хабарга кўра, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида республика бўйлаб минглаб фуқароларни хорижга ишга юбориш билан алдаб олинган пулларни ўзлаштириб юборган хусусий бандлик агентлиги вакиллари устидан суд ҳукми ўқилган. Маълум қилинишича, мазкур бандлик агентлиги мансабдорлари жами 1087 нафар фуқарога 8 миллиард сўмлик моддий зарар етказган.

Суд ҳукмига асосан, ХБА раҳбари Аллабердиев Жаҳонгир Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а,б» бандлари ва 25,168-модда 4-қисми «в» банди билан айбдор деб топилиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, бандлик агентлигининг бошқа мансабдор шахсларига ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Судланувчи Алишер Эргашев Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «б» бандлари ва 25,168-модда 4-қисми «в» банди билан айбдор деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 410 баравари миқдорида, яъни 91 миллион 430 минг сўм миқдоридаги жарима жазоси тайинланди. У етказилган зарарларни ўз вақтида қоплаб бергани учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан боғлиқ бўлмаган жазо чораси қўлланди ва суд залидан озод қилинган.

Aввалроқ Самарқандда фуқароларни қарийб 787 миллион сўмга чув туширган агентлик мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, фуқароларнинг 5 миллиард сўмдан ортиқ пулини талон-торож қилган агентлик мансабдорларига жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган.