Варламов Ўзбекистон божхона қўмитасидан Россия фуқаросининг шахсий маълумотларини оммага эълон қилмасликни сўради

Россиялик блогер Илья Варламов Ўзбекистон божхона қўмитасининг 10 йил аввалги сафар юзасидан берган баёноти бўйича ўз фикрларини билдирди.

Фото: «orenburg.media»

Блогер ўзининг Telegram каналида 10 йил аввал Орол денгизи бўйига машинада боришга қарор қилгани ва Ўзбекистонга Қозоғистон чегарасидан ўтаётганда божхона ходими билан юз берган воқеани ёзган.

«Қозоғистон—Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтаётганимда эса қизиқ воқеа содир бўлди. Ўзбек чегара назоратчиси машинани кўздан кечираётиб, нарсаларимни ковлай бошлади. Шунчаки текшириш учун эмас, худди янги йил совғасини тезроқ очишни хоҳлаётган болакай каби очкўзларча шошиб титкилади. Чамадонда яп-янги кроссовка бор эди. Чегара назоратчиси уларга кўз ташлади, кейин эса қуйидагича суҳбат бўлди:

— Ўлчами неччи? – сўради у гўё биз чегарада эмас, кроссовка дўконидамиз-у, мен сотувчиман.

— 43, — дедим унинг ниятини ҳали тушунмай.

— Эҳ, афсус, 41 йўқми? — ҳафа бўлиб сўради чегарачи.

Кроссовкам унга тўғри келмагани учун бир блок сигарет беришимга тўғри келди. Шундан кейин у билан дўстона хайрлашдик», — ёзади блогер.

Шунингдек у ушбу ҳолатга Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси орадан 10 йил ўтиб муносабат билдирганини, блогернинг сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистон—Қозоғистон автомобиль ўтказиш пунктлари орқали умуман ҳаракатланмагани, фақат 2020 йил 9 февраль куни тонги соат 05:10 да Россиядан Самарқанд аэропортига учиб келгани ва 10 февраль куни мазкур вилоятдаги «Жартепа» чегара божхона пости орқали Тожикистонга чиқиб кетганини эълон қилганини таъкидлаб ўтган. Бунга қўшимча, Варламов божхона қўмитасидан чет эл фуқаросига тегишли маълумотларни оммага эълон қилишни бас қилишини таклиф қилган.

«Шу ўринда менда қонун доирасида бир савол туғилади. Қадрли Ўзбекистон божхона қўмитаси, ҳаммаси жойидами? Сафингизда оёқ ўлчами 41 бўлган фирибгарлар ортиқ ишламаётганига умид қиламан. Бу воқеага 10 йил бўлди, бу вақт ичида ҳаммаси яхшиланганига ишончим комил. Лекин мукаммалликнинг чеки бўлмайди. Божхона қўмитасининг фаолиятини янада яхшилашни ва Россия фуқаросининг шахсий ва сафари ҳақидаги батафсил маълумотларини оммага эълон қилишни тўхтатишини таклиф қиламан. Барчангизни қучиб қоламан!», — деб ёзган блогер.

Аввалроқ Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси россиялик блогернинг Ўзбекистондаги чегара пункти видеолавҳаси юзасидан муносабат билдиргани хабар қилинган эди. 

Янгиликлар