Косонсойда бандликка кўмаклашиш маркази мансабдорларининг салкам 274 млн сўмни мақсадсиз сарфлагани аниқланди

Наманган вилояти Косонсой тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мансабдорлари 273 миллион 600 минг сўмни мақсадсиз сарфлагани аниқланди. Бу ҳақда ЎзA хабар қилди.

Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими томонидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида ўтказилган терговга қадар текширув давомида марказнинг масъул раҳбарлари жами 348 миллион 931 минг сўмлик молиявий камчиликларга йўл қўйгани, шундан 273 миллион 600 минг сўмни мақсадсиз харажат қилгани аниқланган.

Текширув давомида маълум бўлишича, марказ мутасаддилари томонидан 2019 йил пахта мавсумида 53 кишини Сирдарё ва Жиззах вилоятларига пахта теримига юборилгани бўйича сохта тўлов қайдномалари билан уларнинг номларидан сохта имзолар қўйиб, 48 миллион сўмни ўзлаштирилган.

Шунингдек, 2019—2020 йилларда туман жамоат ишларида ишламаган 35 нафар фуқарога 27 миллион 331 минг сўм миқдорида иш ҳақлари ҳисоблаб, бюджет маблағларини талон-торож қилингани аниқланган.

Маълум қилинишича, ваколатини суиистеъмол қилган туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми, 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 167 моддасида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Самарқандда 1 миллиард 250 миллион сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилган мансабдор шахслар аниқланган эди. Шунингдек, Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамғармаси мансабдорлари 2,8 миллиард сўмни талон-торож қилгани фош этилгани хабар қилинган эди. Кейинчалик ШҲТнинг Самарқанд саммитига ажратилган пуллардан 7,4 миллиард сўмдан ортиғи талон-торож қилингани фош бўлганди.

Янгиликлар