Бухорода куз-қиш мавсуми учун қанча кўмир захираси борлиги маълум қилинди

Энергетика вазирлигининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўришни мувофиқлаштириш Штаби томонидан Бухоро вилоятигада кўмир соҳаси объектлари ҳамда ижтимоий соҳа муассасаларининг кўмир маҳсулотлари билан таъминланиш ҳолати ўрганилган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ўрганиш жараёнида Бухоро вилоятидаги Когон, Жондор, Олот, Қоракўл ва Вобкент кўмир омборлари ҳолати таҳлил қилинган. Шунингдек, Жондор туманидаги 15 ва 16-умумтаълим мактаблари, Бухоро туманидаги 32, 33, 43-умумтаълим мактаблари ҳамда 44-сон мактабгача таълим муассасасининг кўмир билан таъминланиш ҳолати ўрганилган.

Хабарга кўра, вилоята «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятига қарашли «Кўмир таъминот» масъулияти чекланган жамияти филиалининг 5 та кўмир омборлари мавжуд. Кўмир омборлари 5 та автоюклагич, 5 та автотарози, 1 та «МАН» ва 1 та «ИСУЗУ» юк автомобиллари билан таъминланган. Филиал томонидан куз-қиш мавсумида буджет ташкилотларига 10 минг тонна, аҳоли истеъмолчиларига 30 минг тонна кўмир ва брикет маҳсулотлари етказиб бериш белгиланган.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, 25 октябрь ҳолатига кўра, ижтимоий соҳа муассасалари кўмир маҳсулотлари билан тўлиқ таъминланган. Кўмир омборларига аҳоли учун иссиқлик қуввати юқори бўлган 4,5 минг тонна импорт кўмир маҳсулотлари олиб келинган ва омборларда жами 12,9 минг тонна кўмир захираси мавжуд эканлиги аниқланган.

Бундан аввал Қашқадарёда кўмир омборларига келтирилаётган қаттиқ ёқилғининг ярми кўмир кукуни экани ва Уйчида мактабларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати текширилгани маълум қилинган эди. Кейинчалик Қўштепа ҳокими тумандаги 3 та муассасанинг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ўргангани ҳамда Ургут аҳолисига куз-қиш мавсумида 20 минг тоннадан ортиқ кўмир арзонлаштирилган нархда сотилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар