Уйчида мактабларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати текширилди (фото)

Наманган вилояти Уйчи туманидаги умумтаълим мактабларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича семинарлар ташкил этилмоқда. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилоят халқ таълим бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, Наманган шаҳри ва туманлар халқ таълими тизимларида куз-қиш мавсумига тайёргарликка бағишланган ўқув, амалий ва назарий семинар тадбирларини ўтказмоқда. Aна шундай тадбирлардан бири Уйчи туманидаги 37-умумтаълим масканида бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда дахлдор ташкилотлар вакиллари, шунингдек, тумандаги барча 45 та умумтаълим мактабининг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарлари иштирок этган.

Фото: Наманган вилоят халқ таълим бошқармаси ахборот хизмати

Иштирокчиларга мазкур таълим муассасасидаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари амалга оширилган ишлари бевосита кўрсатилди. Мавсум олдидан муассаса қозонхонасининг тайёр эканлиги, етарли миқдорда ёқилғи жамғарилгани, уни сақлаш омборига белгиланган меъёр талаблар асосида жойлаштирилгани айтилган. Шунингдек, ўқув биноси, синфхоналар, маънавият, спорт зали, ошхона муассаса биносидаги қишга тайёргарлик билан яқиндан танишган тадбир иштирокчилари ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди.

Фото: Наманган вилоят халқ таълим бошқармаси ахборот хизмати

Тадбирда иштирок этган вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ваҳобжон Ражабов синовли давр билан боғлиқ вазифалар хусусида сўз юритиб, барча муассаларда қишга тайёргарлик бўйича ишларни якунига етказиб, намунали ҳолатга келтириш юзасидан муҳим вазифа ва топшириқларни белгилаб берди.

Фото: Наманган вилоят халқ таълим бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, 2020/2021 ўқув йили учун тумандаги 45 та умумтаълим масканига 555 тонна кўмир, 1575 тонна брикет — жами 2130 тонна кўмир ва брикет ёқилғиси жамғариш режалаштирилган. Тумандаги 8 та умумтаълим мактаби ўзининг универсал иситиш қозонлари, 37 та таълим маскани эса кичик ҳажмли иситиш қозонлари орқали мавсумга тайёр ҳолатдалиги айтилган.

Қайд этилишича, 2020 йилда 2,5 миллиард сўм инвестиция дастури асосида капитал реконструкция қилинган 37-умумтаълим мактабида 570 нафар ўқувчи таълим олади. Муассада 5 та кичик иситиш қозонлари ўрнатилган бўлиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилган.

Aввалроқ Уйчида иккита газ тарқатиш қурилмаси капитал таъмирлангани ҳақида хабар берилганди.