Қоракўлда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишларини текшириш давомида 24 та муаммо аниқланди
Бухоро вилояти Қоракўл туман Халқ қабулхонаси томонидан ижтимоий ва бошқа объектларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари ўрганилмоқда. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёевнинг 17 июль куни ҳудудларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари юзасидан кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ қабулхонаси, туман ФВБ, туман тиббиёт бирлашмаси ва ёнғин қутқарув бўлимидан таркиб топган ишчи гуруҳ тумандаги ижтимоий объектларни ўрганган.
Қайд этилишича, ишчи гуруҳ томонидан 20 сентябрь ҳолати бўйича 44 та объектда ўраганиш ишлари ўтказилган. Ўрганиш жараёнида мавжуд муаммоларни аниқлаш билан бир қаторда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилган.
Ўрганилган объектларда аниқланган 24 та муаммони бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга топшириқлар берилган.
Аввалроқ Самарқандда куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан 2 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари таъмирлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Энергетика вазирлиги Андижонда ва Наманганда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ўргангани маълум қилинди.