Эрондаги вазият: ядрошунос олимга қилинган суиқасд билан боғлиқ сўнгги тафсилотлар
Ядрошунос олим, Эрон ядро дастури асосчиларидан бири Муҳсин Фахризода 27 ноябрь, жума куни суиқасд уюштирилиши натижасида Теҳрондан 40 километр узоқликда ўлдирилган эди. «Fars» агентлигининг хабар беришича, унинг ўлими ҳақидаги маълумотларни Эрон Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлаган.
Олимга қилинган суиқасд
Маълум қилинишича, Теҳрондан 40 километр узоқликдаги Абсар шаҳри ҳудудида номаълум шахслар Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот маркази етакчи олими бўлган машинага қарата ўқ узган. Хабарларга кўра, бир қатор гувоҳлар жиноят жойида ўқ овозларини ҳам эшитган.
«Жамоатчилик билан алоқалар идораси маълумотларига кўра, жума куни тушдан кейин Мудофаа вазирлигининг Тадқиқот ва инновациялар ташкилоти раҳбари Муҳсин Фахризода бўлган машинага қуролли террористлар ҳужум қилди. Олим жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган. Афсуски, тиббий гуруҳ уни қутқара олмади», дейилган Эрон Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Эроннинг реакцияси
Шундан сўнг Эроннинг БМТдаги доимий вакили Мажид Тахт-Раванчи Эрон ядро физигининг ўлдирилиши муносабати билан АҚШ ва Исроилни огоҳлантирган. У БМТ Бош котибига мурожаатида Эрон «ўз халқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун» барча зарур чораларни кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини айтган.
Эронда олим Муҳсин Фахризоданинг ўлими муносабати билан 40 кунлик мотам эълон қилинган. Мамлакатнинг минглаб фуқаролари Фахризоданинг ўлими учун қасос олишни талаб қилмоқда.
Эрон Олий раҳбари маслаҳатчиси Ҳусайн Деҳқон мамлакат ядро дастури муаллифларидан бири бўлган юқори мартабали олим Муҳсин Фахризодага уюштирилган суиқасд учун жавоб қайтаришни ваъда қилди. «Биз шаҳиднинг қотиллари устига чақмоқдек уриламиз», — деган Деҳқон. Хабарга кўра, Исроил бош вазири идораси Эрон расмийларининг айбловларига изоҳ беришдан бош тортган.
БМТнинг хавотири
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Эрон ҳукуматини босиқликка чақирмоқда. Ташкилот Эронда ядро олими ўлдирилгандан кейинги зиддият хавфи ҳақида огоҳлантирган ва ташкилот Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашишидан хавотирланиб, барчани эҳтиёткорликка чақирган. «БМТ Эронда мамлакатнинг ядро дастури раҳбарларидан бири бўлган физик Муҳсин Фахризоданинг қотиллиги муносабати билан эҳтиёткор бўлишга чақирган. Бу ҳақда ташкилот бош котибининг расмий вакили ўринбосари Фархан Хак айтиб ўтган: «Биз тийилишга ва минтақадаги кескинликни кучайтириши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан қочишга чақирамиз».
Эрондаги айни вазият
Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф эронлик ядро физиги Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилишини халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб атади ва буни террористик ҳаракат, дея талқин қилди:
«Эронлик таниқли олимлардан яна бирининг террористик жиноятчилар томонидан ўддирилиши халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши, инсоний ва ахлоқий тамойилларга бепарволикдир. Биз халқаро ҳамжамиятни давлат терроризмини қоралашга чақирамиз», — дейилади вазирнинг Twitter’да рус тилида ёзган баёнотида.