Самарқандда «Ҳизб ут-Таҳрир» аъзолари ушланди

Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманида истиқомат қилувчи «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилоти аъзоларининг фаолиятига чек қўйилди.

Қайд этилишича, жиноий гуруҳ ташкилотчилари бўлган «Г.С.» ва «Р.А.» шерикларига «Ҳизб ут-Таҳрир»нинг «Ислом низоми» номли китоби ва “Ал-Ваъй” журналидан фойдаланган ҳолда бошқаларга дарс ўтиб, Ўзбекистонда Конституцион тузумни ағдариб ташлаб, Халифалик давлатини тиклашга тарғиб қилиб келишган.

Шунингдек, «Г.С.» ва «Р.А. »ота-оналари, яқинлари ва кўплаб танишларини ўз сафларига аъзо бўлишга даъват қилиб, интернет орқали экстремистик мазмундаги аудио ва видео материалларни тарқатишган.

Мазкур жиноий гуруҳнинг фаолияти айни пайтда Польшада яшириниб келаётган «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилотнинг ғоявий еткачиларидан бири бўлган 1980 йилда Қирғизистонда туғилган, мазкур давлат фуқароси, содир этган жиноятлари учун халқаро қидирувда бўлган «Маҳмуд Абдулмўмин» тахаллусли М.Х. томонидан бошқарилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.