Тошкент вилоятида банк ходими $100 минг пора олган вақтида ушланди
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

Тошкент вилоятида нуфузли банклардан бирининг минтақавий маркази Маҳаллабай ва давлат дастурлари билан ишлаш бўлими бошлиғининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.
Хусусан, у 2024-йилда Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаси томонидан электрон онлайн аукцион орқали ўзининг отасига чорвачилик мақсадида фойдаланиш учун ижара ҳуқуқи асосида сотилган, Қуйичирчиқ тумани ҳокимлиги балансидаги 16,05 гектар ер майдонини сотиш ҳамда ҳокимлик захирасида бўлган 4 гектар ерни мансабдор танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига харидордан жами 4 млн 250 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида у сўралган пул маблағидан 100 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





