ТИВ ўзбекистонликларга Латвия визалари чекланиши таклифи юзасидан муносабат билдирди
Хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатлар қонунчилигига риоя қилишга ва маҳаллий меъёрлар ҳамда анъаналарни ҳурмат қилишга чақирилди

Аввалроқ, Латвия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинча тўхтатишни таклиф этгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур вазият юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдирди, деб хабар беради Daryo.
Таъкидланишича, эҳтимолий чекловлар ҳақидаги маълумот пайдо бўлганидан кейин Ўзбекистон томони дипломатик чораларни кўришни бошлади. Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси Латвия Бош вазири офиси раҳбарияти, Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Президент администрацияси вакиллари билан музокаралар ўтказган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти Латвиянинг Тошкентдаги элчихонаси билан музокаралар ўтказди.
Музокаралар давомида Латвия томонига таклиф этилаётган чораларнинг икки томонлама муносабатларга эҳтимолий таъсири юзасидан Ўзбекистоннинг позицияси етказилди. Кўрилган чоралар натижасида Латвия томони мавжуд ҳолатга ўзгартириш киритишга эҳтиёж йўқлигини илгари сурди, — деди Омонулла Файзиев.
ТИВ шунингдек, хорижда бўлиб турган ёки сафар қилишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларини қабул қилувчи мамлакатлар қонунчилигига риоя қилишга ва маҳаллий меъёрлар ҳамда анъаналарни ҳурмат қилишга чақирди.
Идорада таъкидланишича, алоҳида фуқаролар томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлар чет элда қонуний асосда таҳсил олаётган, меҳнат қилаётган, саёҳат қилаётган ёки истиқомат қилаётган бошқа ўзбекистонликларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.





