Европа Иттифоқи Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун 2 млн евро ажратди

Европа Иттифоқи Ўзбекистонда COVID-19’га самарали, тез ва мувофиқлаштирилган жавоб қайтариш чораларига бағишланган лойиҳага 2 миллион евро ажратди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, ушбу лойиҳа, энг аввало, тиббиёт муассасаларининг тиббий ва биринчи бўғин ходимларига шахсий ҳимоя воситаларини тақдим қилишга қаратилган.

ЖССТ ваколатхонасининг маълум қилишича, Ўзбекистондаги мавжуд деярли барча шахсий ҳимоя воситалари (ШҲВ) COVID-19’га чалинган беморларни ва улар билан алоқа қилганларни аниқлаш, саралаш, текшириш, яккалаш ва даволаш учун ишлатилади. Бу ҳол COVID-19 гумон қилинган ёки тасдиқланган ҳолатлардан ташқари бошқа беморларга, масалан, туғруқхона, сил ва ОИТВ клиникалари, стоматология, поликлиника ва шу кабиларда хизмат кўрсатаётган тиббий ходимларнинг катта қисмини ҳимоясиз қолдирмоқда.

ЖССТ тавсия қилган ШҲВни эса нафақат COVID-19’га чалинган беморлар билан ишлаётган тиббий ходимлар учун, балки бошқа соғлиқни сақлаш хизмат ва муассасаларидаги тиббий ходимлар учун ҳам харид қилиш COVID-19 тарқалишини камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

«Ушбу лойиҳа Ўзбекистонга пандемияга жавоб чоралари доирасида Европа ҳамжамияти ажратган 36 миллион евро ёрдамининг асосий қисмини ўзида мужассам этади», — дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар вакили Юсси Нарви.

Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг яқиндан ҳамкорлиги натижасида лойиҳа кейинги 2 йилга мамлакатдаги барча тиббий ходимлар учун етарли миқдорда ва юқори сифатли ШҲВ сотиб олиш орқали инфекциялар профилактикаси ва инфекцион назорат чораларини мустаҳкамлайди.

Аввалроқ ЖССТ Ўзбекистонга қиймати 300 минг долларга тенг инсонпарварлик юкининг навбатдаги партиясини етказиб бергани хабар қилинган эди.

Янгиликлар