Норин тумани маҳаллаларидаги муаммоларни бартараф этиш учун 3 млрд сўм ажратилади

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов 29 сентябрь, сешанба куни Норин туманидаги «Бобур», «Шаҳидмозор», «Сузоқовул» ва «Қўрғонча» маҳаллаларида бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, мазкур маҳаллаларда аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган кўплаб муаммолар мавжуд. Хусусан, хабарда шаҳидмозорликлар ичимлик суви таъминоти, ички йўлларнинг носозлигидан азият чекиши, маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам бино қуриш зарурлиги айтилган. «Сузоқовул»да эса кўчаларга тунги ёритиш чироқлари ҳамда янги трансформатор ўрнатиш кераклиги таъқидланган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бундан ташқари, «Қўрғонча» маҳалласида электр энергияси таъминотини яхшилаш учун янги таянч устунларини ўрнатиш, ички йўлларни таъмирлаш зарурлиги қайд этилган. Ҳудуддаги 49-сонли мактабгача таълим ташкилоти биноси ўтган асрнинг 60-йилларида дала шийпони учун қурилган бўлиб, бундан уч йил аввал боғчага мослаштирилган.

Юқоридаги барча ҳолатлар вилоят ҳокимининг эътиборини тортган. Шу боис тумандаги шароити оғир маҳаллаларга 3 миллиард сўм маблағ ажратилиши, аниқланган камчиликлар бартараф этилиши белгиланган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Ҳар бир сектордаги биттадан маҳаллага 500 миллион сўмдан ажратамиз. Фақат бу маблағ икки ҳисса бўлиб кўпайиши керак. Бу қандай бўлади? Айтайлик, 1 километр масофага ичимлик суви тармоғи тортиш учун зарур материалларга 45 миллион сўм керак бўлади. Агар бунга четдан ишчи кучи ва техника жалб этадиган бўлсак, бу сумма икки-уч баравар ортиб кетиши мумкин. Маҳаллий мутасаддилар ва аҳолининг ўзи бунга бош-қош бўлса, тежалган маблағни яна бошқа масалаларни ҳал этишга йўналтириш мумкин», — дейди вилоят ҳокими.

Аввалроқ Шавкат Абдураззоқов Наманган шаҳрининг Марғилон кўчасидаги уйлар бузилмаслигини маълум қилганди. Шунингдек, Наманган шаҳрида 40 миллион долларга 300 ўринли диагностика маркази ва бир қанча объектлар қурилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар