«Сурия ёки Ироқ тарафларга кетиб қолишларини ҳеч қачон оқламайман». 16 февраль воқеаларида иштирок этиб, 19 йилга қамалган собиқ маҳбус билан эксклюзив интервью

Вазирлар Маҳкамаси биносида 1999 йил 16 февраль куни порташ содир этилган. Қўпорувчилик ҳаракатида иштирок этганликда айбланиб, 19 йилга қамалган собиқ маҳбус Искандар Худойберганов «Tez News»га эксклюзив интервью бериб, қилган хатолари ҳақида фикр юритди.

Искандар Худойберганов ўша пайтларда диний билими йўқ экани, ҳаётий тажрибаси бўлмагани сабабли диний-террористик ташкилотларга охирини ўйламай қўшилиб қолганини таъкидлаб, 19 йил умри симтиканларнинг орқасида ўтиб кетганидан афсусдалигини билдирди.

«1998 йилларда ёш эдик, кўп ҳам тушунавермасдик. Ҳаётий тажрибамиз ҳам, диний билимимиз ҳам йўқ эди. Шунинг учун диний-террористик ташкилотларга охирини ўйламай қўшилиб қолганмиз. Оқибатда оилам билан ажрашдим, 2013 йилда. Фарзандларим отасиз катта бўлди, ота-онамнинг хизматини қилолмадим. Ҳаммаси мана шу жиноятимнинг ортидан, ҳаётда кўп нарсани йўқотиб қўйдим. Яъни 19 йил умрим симтиканларнинг орқасида ўтиб кетди. Бу пайтда инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топиб оладиган вақтни йўқотиб қўйдим. 19 йил жазо муддатини ўташ даврида менда шундай имкониятлар бўлдики, кўп ўйлаб, фикр юритдим. Нималарни йўқотганим, нималарни топганим ҳақида узоқ ўйладим. Жиноятлар, бўлиб ўтган ҳаракатларга қўшилганимдан қаттиқ пушаймондаман», — деди собиқ маҳбус.

Искандар Худойберганов суҳбат давомида у билан ажрашиб кетган турмуш ўртоғи ва фарзандларидан хафа бўлишга ҳаққи йўқлигини таъкидлади.

«27 ёшимда қамалиб кетдим. Бундан буёғига ёшим 47 га қараб кетяпти. Ҳаётимни ўнглаб, эл-юртга қўшилгунимгача 5—10 йил кетади. 19 йил қамоқ даври давомида ажрашиб кетганимдан сўнг оилам ва аёлимдан хафа бўлишга ҳаққим йўқ. Уларни ҳам тўғри тушуниш керак. Барибир аёл киши ҳам ёнида суянчиғи бўлишини хоҳлайди. Болаларининг тепасида отаси бўлишини хоҳлайди. Бу нарсалар мен учун жуда ҳам оғир», — деди собиқ маҳбус.

Шунингдек, Искандар Худойберганов террористик ҳаракатлар авж олган давлатларда диннинг асл ўрни йўқлиги, у ерларда маълум манфаатларга эришиш учун диндан фойдаланилаётгани ва буларнинг барчаси сиёсий ўйинлар эканлигини айтди.

«Ёшларнинг террористик оқимларга қўшилиб, Сурия ёки Ироқ тарафларга кетиб қолишларини ҳеч қачон оқламайман. Чуни мен буларни бошимдан ўтказдим. Улар диний кўринишда бўлганлари билан улардаги ҳаракатларда соф дин йўқ. Буларнинг барчаси сиёсий ўйинлар, холос. У ерда кимларнингдир манфаати ётибди. Мана шу манфаат йўлида диндан фойдаланишмоқда. Биз ҳам у пайтда ҳеч нарсани тушунмаган ёшлардан бўлганмиз. Ҳар хил ҳиссиётларга берилиб, жаннатга кирарканмиз, шаҳид бўларканмиз, деган ўйлар билан оқибати нима бўлишини ўйламаганмиз. Ёшларга насиҳатим: у ерда ҳеч қандай диний кўриниш йўқ. Бошингиз деворга урилмасидан олдин бундай йўлларга яқин юрмаслигингизни илтимос қилардим», — дейди Искандар Худойберганов.

Маълумот ўрнида, Тошкентда 1999 йил 16 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси биноси портлатилган. Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатида, хавфсизлик хизматидан тортиб, энг кичик идоралар фаолиятида ҳам туб бурилиш ясаган ушбу ҳодиса нафақат мамлакатнинг конституциявий ҳокимиятини ағдаришга ҳаракат, балки шахсан Биринчи Президент Ислом Каримовга қаратилган суиқасд эди.

Илк портлаш Вазирлар Маҳкамаси биносида содир этилган. Ўша куни Ҳукуматнинг 1998 йилдаги фаолияти ҳисоботига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтиши ва унда давлат раҳбари Каримов иштирок этиши режалаштирилганди.

Ўша вақтда Президент матбуот котиби ва Олий Мажлис депутати бўлган Азамат Зиё бу воқеаларни шундай эслайди:

«Ўша куни тахминан 9:45 ларда автоматдан отилган ўқ овозини эшитиб қолдик. Кейин мен Президент соқчиларининг биридан Президент келган, келмаганини сўрадим. Соқчи Президент деярли келиб бўлганини айтди. Мен пастга қараб югурдим. Шунда 3-қаватларга етганимда жудаям кучли портлаш содир бўлди».

Бу портлашлардан кейин хавфсизликни сақлаш идоралари, ички ишлар ва ўт ўчириш хизматлари воқеа жойига етиб кеган. Воқеа ҳақидаги хотираларини Азамат Зиё шундай дейди:

«Президент орқага қайтиб кетди деганларидан кейин мен Президент девонига қараб кетдим. Энг қизиғи, Президент кабинетидаги хоналар ҳаммаси зирҳланган ойналар эди. Улар тарам-тарам бўлиб кетганди. Ўша аҳволни кўргандан кейин мен Ислом акага бошқа хавфсизроқ жойга ўтасизми, балки десам, у киши сен бу гапни бир марта менга гапирдинг, бошқа гапирмагин, дедилар.

Бу нафақат менга қаратилган, балки, энг аввало, халқимизга, давлатимизга ва мустақиллигимизга қарши қаратилган хуруждир, деди. У киши ҳар қандай шароитда, нима бўлмасин, ўз ҳаёт принципларидан воз кечмаслигини айтиб, воқеа жойларига кетди».

Террорчилик ҳаракатлари давом этаётган, хавф яқин келиб турган пайтда Президент воқеа жойларига бориб, вазият ва у ердагиларнинг аҳволи билан танишган. Сўнгра қуйидаги интервьюни берган:

«Мана шу бинода шакастланган, керак бўлса, ярадор бўлганлар билан гаплашиб, буларнинг олдини олиш керак. Халқимизга, аҳолимизга мана шу ердан туриб мурожаат қилмоқчиман, ваҳима бўлмасин.

Агар менга ёрдам бермоқчи бўлсангиз, ваҳима бўлмасин. Кучимиз етади. Буларнинг ҳаммасини, айтайлик, жой-жойига қўйиш, керак бўлса, бу муттаҳамларни нафақат жойига қўйиш, қўлини кесиб ташлашга ҳам қурбимиз етади, кучимиз етади. Халқимиз шуни билсин».

Азамат Зиё сўзини давом эттириб, Президент Ислом Каримовнинг шижоати, жасорати ва мардлиги ҳақида гапирган:

«Ўша куни Вазирлар Маҳкамасининг йиллик мажлиси бўлиши керак эди. Шу мажлис барибир бўлди. Соат 13:00 да Олий Мажлис биносида бўлди».

Бу қўпорувчилик ҳаракати, аввало, мамлакатдаги хавфсизликни бузиш, ёшлар онгига диний ақидаларни сингдириш, тинч аҳолининг ҳаётига рахна солишга қаратилган террорчилик хуружи эди.

Шу куни пойтахт Тошкентнинг турли ҳудудларида, жумладан, Мустақиллик майдони, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий банк бинолари ёнида 6 та кучли портлаш юз берган. Уларда 16 киши қурбон бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.

Янгиликлар