Ерда 2021 йилда 4 марта тутилишлар кузатилади

2021 йилда Ернинг турли қисмларидан туриб икки марта Қуёш ва икки марта Ой тутилишини кузатиш мумкин бўлади. Бу ҳақда «Korrespondent» хабар берди.

Фото: «seattlemet»

Маълумотларга кўра, 2021 йилнинг 26 май куни дастлабки тутилиш — Ойнинг тўлиқ тутилиши рўй беради. Уни Шарқий Осиё, Австралия, Тинч океани, Шимолий ва Жанубий Америкада кузатиш мумкин.

Иккинчи тутилиш 10 июнь куни юз беради. Ўша куни Қуёш тутилишига гувоҳ бўлиш мумкин. Тутилишнинг  максимал босқичини Канада, Гренландия ва Россияда кўриш мумкин. Шимолий Америка, Европа ва Осиё мамлакатларида тутилиш қисман кузатилади.

Астрономик ҳодисаларнинг учинчиси 19 ноябрь куни Ойнинг қисман тутилиши шаклида рўй беради. Уни Шимолий ва Жанубий Америка, Шарқий Осиё, Австралия, Тинч океанида кўриш мумкин.

Ҳодисаларнинг энг сўнггиси 4 декабрда юз беради. Антарктика минтақасида шу куни тўлиқ Қуёш тутилиши кузатилади. Бу жараён Антарктида, Жанубий Африка ва Жанубий Атлантика оролларида қисман кузатилиши мумкин.

Маълумот учун, Қуёш ва Ой тутилиши ҳар олти ойда, Қуёш, Ой ва Ер бир қаторда турганда содир бўлади. Ой Қуёш ва Ер орасида турса, қуёш тутилиши, Қуёш ва Ой орасида Ер турса, ой тутилиши ҳодисаси кузатилади.

Аввалроқ, 14 декабрь куни дунё бўйлаб қуёш тутилиши кузатилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, дунё бўйлаб 21 декабрда 800 йил илгари содир бўлган астрономик ҳодиса кузатилган.