Дунё бўйлаб 21 декабрда 800 йил илгари содир бўлган астрономик ҳодиса кузатилади

Дунё аҳолиси 21 декабрь, душанба куни охирги бор 794 йил аввал содир бўлган Сатурн ва Юпитер сайёраларининг бирлашиши ҳодисасини кузатиши мумкин. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Сколтеч институти профессори Татяна Подладчикованинг айтилишича, ноёб астрономик ҳодисани — Сатурн ва Юпитернинг бирлашишини оддий дурбин ёрдамида, ҳаттоки усиз ҳам кўриш мумкин бўлади.

«Қуёш ботганидан кейин Ернинг барча аҳолиси бу ажойиб астрономик ҳодисани кўз билан кузатиши мумкин бўлади. Ҳаво қанча очиқ ва булутсиз, осмон қоронғи бўлса, ҳодиса шунча яхши кўринади», — дейди профессор.

Бу «Сатурн ва Юпитер бирлашиши» деб аталувчи камдан-кам учрайдиган астрономик ҳодиса бўлиб, унда иккала сайёра осмон сферасида бир-бирига яқин жойлашади. Улар бир-биридан юз миллионлаб километр узоқликда бўлишига қарамай, деярли битта объектга қўшилиб кетади.

Осмондаги ифлосланишлар кўпинча тўсқинлик қиладиган бошқа астрономик ҳодисалардан фарқли ўлароқ, Юпитер ва Сатурн шу қадар ёрқин кўринадики, уларни сайёранинг исталган минтақасида тун бўйи кўриш мумкин. Подладчикованинг сўзларига кўра, сайёралар бу ҳолатда тахминан беш кун туради.

Маълумот учун, улар охирги марта шу қадар яқин масофада 794 йил олдин — 1226 йил 4 мартда кўрилган.

Эслатиб ўтамиз, дунё бўйлаб 14 декабрь, душанба куни қуёшнинг тўлиқ тутилиши, шунингдек, астрономик ҳодиса давомида «қуёш тожи» кўриниши кузатилган.

Аввалроқ Ерга рекорд даражада яқин масофадан кичик уй ҳажмидаги астероид учиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, америкалик олим Ернинг музлаткич катталигидаги астероид билан тўқнашиши мумкинлигини айтган эди.

Янгиликлар