Колумбия университетида талабалар намойиш ўтказди
7 май куни Нью-Йорк Колумбия университетида Фаластинни қўллаб-қувватловчи талабаларнинг норозилик намойиши полиция аралашуви билан якунланди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Хабарга кўра, талабалар университетнинг асосий биноси — Бутлер кутубхонасининг иккинчи қаватидаги ўқув залини эгаллаб олган. Университет раҳбарияти бу ҳолатни ноқонуний деб баҳолаб, Нью-Йорк полициясидан ёрдам сўради.
Полиция томонидан ўтказилган амалиёт давомида бир қанча талаба ҳибсга олинган.
Намойиш чоғида талаба ва хавфсизлик ходимлари ўртасида қисқа муддатли жанжал юз берган ва бир неча киши, жумладан икки нафар хавфсизлик ходими жароҳат олгани маълум қилинган.
Қайд қилинишича, намойишчилар Колумбия университетини ўз сармояларини Исроил ҳарбий саноатини қўлловчи компаниялардан чиқаришга, депортация хавфи остида бўлган фаластинлик талаба Маҳмуд Халилни озод қилишга чақирган.
Шунга ўхшаш норозилик 6 май куни Вашингтон университетида ҳам кузатилган. Бу ерда 34 талаба ҳибсга олиниб, улардан 21 нафари вақтинча четлатилган.