Жиззахда кичик қувватли атом станцияси жойлашув схемаси тасдиқланди
Фориш туманида кичик қувватли атом станциясини жойлаштириш схемаси тасдиқланди. Бу ҳақда «Ўзатом» хабар берди.
Хабарга кўра, 6 май куни Президент маслаҳатчиси Алишер Султонов раислигида кичик қувватли атом электр станцияси қурилиши бўйича оператив штаб ва илмий-техник кенгашнинг қўшма йиғилиши бўлиб ўтган.
Йиғилишда «Атомстройэкспорт» АЖ билан тузилган шартнома доирасида бажарилаётган ишларнинг ҳолати, лойиҳалаш, тайёргарлик, қурилиш-монтаж базасини ташкил этиш, ер ажратиш ва инфратузилмани таъминлаш масалалари муҳокама қилинган.
Ўзбекистоннинг табиий уран ресурсларидан ядро ёқилғиси ишлаб чиқариш имконияти кўриб чиқилиб, бу энергетик мустақиллик ва иқтисодий самарадорликни ошириши айтилган.
Қайд қилинишича, лойиҳа ҳужжатлари халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилмоқда. Станция жойлашган ҳудудда сейсмик, метеорологик ва гидрогеологик тадқиқотлар давом этмоқда.