Исроилдан муносабат: Ўзбекистон Президентининг мурожаатномасида илгари сурилган фикрлар маърифат, олий таълим ва илм-фан ролини изчил оширишга қаратилган

Исроилнинг Холон технология институти президенти, профессор Эдуард Якубов «Дунё» агентлиги мухбирига берган интервьюда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқига йўллаган мурожаатномасига ўз муносабатини билдирди.

Фото: «Дунё»

«Президент Шавкат Мирзиёев Мурожаатномасини катта эътибор ва қизиқиш билан тингладим. Пандемия билан боғлиқ оғир ва синовли йилда Ўзбекистондаги барча муҳим соҳалардаги саъй-ҳаракатлар бир дақиқа ҳам тўхтаб қолмади.

Олий таълим ва илм-фан вакили сифатида Президентнинг Ўзбекистон университетларида юқори малакали кадрлар тайёрлаш муҳимлиги тўғрисида айтган сўзларини қалбимга жуда яқин олдим. Гап илм-маърифатнинг деярли барча йўналишларида энг сўнгги юқори технологияларга асосланган янги келажакни бунёд этиши керак бўлган мутахассислар ҳақида кетмоқда. Бу рақамли ва телетиббиётга ҳам тегишлидир. Коронавирусга қарши курашиш жараёнида ушбу йўналишнинг ривожлантириш аҳамияти, айниқса, яққол кўзга ташланди.

Бу, шунингдек, қишлоқ хўжалигида ақлли сув технологияларидан кенг фойдаланиш, компьютерлар ва киберхавфсизлик, хўжалик юритиш ва иқтисодиётнинг бошқа кўплаб соҳаларини қамраб олади. Уларнинг тараққиётини замонавий илм-фан ва техника ютуқларини оммавий равишда жорий қилмасдан тасаввур қилиб бўлмайди.

Холон технология институтининг президенти сифатида мен Ўзбекистоннинг етакчи университетлари билан яқин ва ривожланиб бораётган ҳамкорлигимиздан мамнунман. Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд, Бухоро ва Урганч давлат университетлари шулар жумласидандир. Гап тиббиётда рақамли технологиялар, информатика, саноат математикаси, технологияларни бошқариш ва ўқитиш технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик ҳақида кетмоқда.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда туризм соҳасида мутлақо янги юқори технологик платформани ишлаб чиқаяпмиз. Бу дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги улкан аудиторияга Ўзбекистоннинг минглаб ноёб тарихий обидаларга эга улкан очиқ осмон остидаги музей эканлиги тўғрисидаги маълумотларни етказишга ёрдам беради.

2021 йил февраль ойида Ўзбекистон Миллий университети талабаларининг биринчи гуруҳи институтимизда онлайн ўаклда информатика ва саноат математикасини ўрганишни бошлашидан хурсандмиз. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ўз филиалимизни очиш имкониятини ўрганаяпмиз. Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ва Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан яқин ва самарали ҳамкорлигимизни қайд этишдан мамнунман. Ушбу ҳамкорлик бизнинг барча лойиҳаларимиз ва режаларимиз муваффақиятининг калитидир.

Ўзбекистон Президенти нутқидаги яна бир муҳим йўналиш – бу ўқитувчиларни тайёрлаш ва ушбу касбнинг обрўсини ошириш масаласи бўлганини таъкидлашни истайман. Бу болалар боғчасидан тортиб юқори таълимгача бўлган узлуксиз таълим занжирида янги сифатга ўтишни таъминлаш учун мўлжалланган асосий вазифадир. Ушбу долзарб соҳада биз кўплаб таклифларни олдга суриш ниятидамиз. Гап Холон технология институти дунёда етакчилар орасида турадиган таълим технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида кетмоқда.

Ваниҳоят, математика профессори сифатида мен учун Президентнинг математик тадқиқотлар ролини ошириш ва ушбу фан бўйича энг яхши тадқиқотлар танловини ташкил этиш тўғрисидаги қарорининг ўта муҳим аҳамиятини таъкидламоқчиман. Замонавий юқори технологиялар дунёсида математиканинг роли бутунлай янги йўналишлар ва ечимини кутаётган вазифалар пайдо бўлиши билан боғлиқ равишда сезиларли даражада ошиб бормоқда.

Президент қарорига биноан танлов ғолибига бериладиган юксак мукофот замонавий жамият асослари сифатида математикани янада юқори даражага кўтариш учун ажойиб рағбат бўлиб хизмат қилишига ишонаман.

Давлат раҳбари нутқида келтирилган маърифат, олий таълим ва илм-фаннинг ролини изчил оширишга қаратилган барча фикрлар ўта муҳим ва долзарбдир. Ушбу қарорлар ва ҳаракатлар Беруний ва Хоразмий, Ибн Сино ва Фаробий, Мирзо Улуғбек ва бошқа буюк мутафаккирларнинг мероси ва илм-фанга қўшган улкан ҳиссаси билан тўла мос келади.

Президент Шавкат Мирзиёев, серқуёш Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига 2021 йилда соғлик-саломатлик, муваффақият ва омад тилайман! Янги йил изчил ўсиш ва фаровонлик, умидлар рўёбга чиқадиган ва барча вазифалар бажариладиган йил бўлсин!» — дейди профессор Эдуард Якубов.

Аввалроқ Италия элчиси Агостино Пинна «Дунё» ахборот агентлигига берган интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Олий Мажлисига Мурожаатномаси ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Маниш мурожаатноманинг асосий жиҳатларини шарҳлаганди.