«Менга конкрет, аниқ жавоб беринглар». Шоҳруҳ рэпер аралашуви билан асфальт муаммоси ҳал этилгани ҳақида гапирди

Депутат сифатида фаолият юритаётган Шоҳруҳ рэпер обуначиларига депутатлар нима иш қилишини тушунтириб берди. Шунингдек, у саъй-ҳаракатлари билан Тошкент шаҳридаги кўчага асфальт ётқизилганини ҳам маълум қилган.

Фото: Instagram / @shoxrux

Таъкидланишича, Шоҳруҳ депутат сифатида Чилонзор туман ҳокимлигига асфальт ётқизиш масаласида 2 марта сўров юборган.

Фото: Instagram / @shoxrux

«‘Депутатнинг иш жараёнидан бир парчаʼ

Кўпчилик депутат иши жараёни қандай бўлишига қизиқиб менга хатлар ёзишади. Мана масалан, менинг депутатлик фаолиятимдаги қилинган ишлардан бир мисол келтираман. Халқ депутатлари Чилонзор туман кенгашининг 2020 йил 29 майдаги сессиясида Лабиҳовуз кўчасига асфальт ётқизиш қарори қабул қилинганлигига қарамай, орадан 4 ой ўтса ҳам асфальт ётқизиш ишлари ҳокимият томонидан амалга оширилмаган эди. Шунда мен уларга қачон асфальт ишлари бошланиши бўйича депутат сўрови юбордим.

Улар мени ‘бу депутат янги келган, бундай ишларни яхши тушунмайдиʼ деб ўйлаб, менга ‘асфальт ишлари қачон қилиниши керак бўлса, шунда қилинадиʼ, деган маънода ноаниқ жавоб беришди. Уларнинг тилида бу усул ‘отпискаʼ дейилади. Агар уларнинг отпискасига индалмаса, муаммо ҳеч қачон ечилмайди.

Мен эса уларга ‘менга отписка қилманглар, менга конкрет, аниқ жавоб беринглар, бу жавобингиз жавоб эмасʼ деган маънода яна такроран депутат сўрови юбордим. Агар яна бир марта ‘отпискаʼ қилишса, бошқача қонуний чора кўриш учун юқори ташкилотга депутат сўрови киритмоқчи эдим.

Шундан сўнг, улар Лабиҳовуз кўчасидаги таъмирга муҳтож майдони бўйича асфальт ётқизиш ишларини тугаллаб, менга ёзма ахборот беришди», — деб ёзиб қолдирган Шоҳруҳ.

Шунингдек, депутат баъзи бир давлат ташкилотлари депутатлар сўрови «отписка» қилинмаслиги кераклигини тушуниб етиши кераклигини таъкидлаган.

Фото: Instagram / @shoxrux

Фото: Instagram / @shoxrux

Эслатиб ўтамиз, ўзбек шоу-бизнесида рэп йўналишидаги ижоди билан танилган Шоҳруҳ Шодмонов 2019 йилнинг охирида Тошкент шаҳар Чилонзор тумани кенгашига халқ депутати этиб сайланганди.

Шоҳруҳ аввалроқ мусиқа билан хобби сифатида шуғулланишини, лекин ҳаёт фақат қўшиқлардан иборат эмаслигини ва у юртимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқчи эканини билдириб, депутатликка ўз номзодини қўйганини маълум қилган. У Тошкент давлат иқтисодиёт университети битирувчиси ҳисобланади.