«UzAuto Motors» «заказ» мақолалар сабабли жиддий зарар кўрганини маълум қилди

«UzAuto Motors» корхонаси «буюртма» мақолалар сабабли кунлик тушум қарийб 30–40 миллиард сўмга кескин камайгананини ва 2020 йилнинг август-сентябр ойларида белгиланган режани 562 миллиард сўмга кам бажарилишига сабаб бўлганини маълум қилди.

Фото: «autostrada.uz»

«Бундай йўқотишлар албатта, жамиятнинг мазкур тушумларга мутаносиб равишда давлат бюджетига солиқ ва бошқа ижтимоий тўловлар тўлашига тўсқинлик қилган», — дейди «UzAuto Motors» юридик департамент директори Рустам Шаймардонов.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, хорижий ҳамкорлар билан жамиятнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, заводнинг техник жиҳозларини модернизация қилиш ва айланма маблағларини кўпайтириш борасидаги 150 миллион евро миқдоридаги давлат аҳамиятига молик ҳамкорлик келишувини кечикишига ҳам шундай хабарлар сабаб бўлган.

Корхонада маблағ тақчиллиги юзага келиши натижасида cентябрь ойида режалаштирилган аккредитив тўловлари ва хорижий ҳамкорларга йўналтириладиган тўловлар октябрь-ноябрь ойларида кечиктириб тўланган.

Бундан ташқари, хабарда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда «Махсус буюртма» асосида турли бўҳтон ва асоссиз хабарларнинг тарқатиб борилаётганлиги, нафақат миллий бренднинг нуфузига, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам салбий таъсирини кўрсатаётгани айтилган.

Аввалроқ Асака заводи фаолиятини вақтинча тўхтатиши ва «UzAuto Motors» 2020 йил давомида давлат бюджетига миллиардлаб пул тўламагани маълум қилинганди.