«‘UzAuto Motors’ билан боғлиқ ҳолатни тўхтатишнинг битта йўли бор» — Монополияга қарши курашиш қўмитаси

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримов «UzAuto Motors» билан боғлиқ ҳолатни тўхтатишнинг битта йўли борлигини айтди. Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев ўзининг Telegram каналида хабар берди.

«‘UzAuto Motors’ билан боғлиқ ҳолатни тўхтатишнинг битта йўли бор — кириб келаётган автомобиллар учун божхона тўловини пасайтириш. Агар рақобат бўлса, уларни текширишга ҳам ҳожат қолмайди. Рақобатнинг ўзи ҳаммасини жой-жойига қўяди.

Агар шу нарса ҳал бўлмаса, ‘UzAuto Motors’ ишини ҳар йили кўриб чиқишимиз, судда ютишимиз ҳам мумкин. Бироқ бу натижа бермайди, бунинг давоси — бозорда рақобатни пайдо қилиш», — дейди Бобур Каримов.

Аввалроқ «UzAuto Motors» АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилгани ҳақида хабар берилганди. Акциядорлик жамиятининг қўмита махсус комиссияси қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича навбатдаги суд 9 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди биносида бўлиб ўтган. Шунингдек, «UzAuto Motors» компанияси 5 август, чоршанба куни депутат Расул Кушербаевнинг енгил автомобиллар нархларини ошириш бўйича айбловига жавоб берган.

Бундан ташқари, «UzAuto Motors» 2020 йил давомида давлат бюджетига миллиардлаб пул тўламагани маълум бўлган.