Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан қатор жадидлар «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди
Ўзбекистоннинг озодлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга ҳисса қўшган Aбдулла Aвлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Aбдурашидхонов «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган маросимда маълум қилди.
Қайд этилишича, жадидлар Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан имзоланган фармонга мувофиқ орден билан тақдирланган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад қилиб белгиланганини таъкидлаган.
«Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Aвваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан ўқитувчи ва зиёлиларга мурожаат йўллагани ҳақида хабар берилганди. Таъкидланишича, ушбу байрам илк бор давлат раҳбари иштирокида ўтяпти.