Ўзбекистонда октябрь ойида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди

Республика Гидрометеорология хизмати маркази Ўзбекистонда октябрь ойида кутиладиган об-ҳаво маълумотларини тақдим этди.

Фото: Света В.

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, октябрь ойи қуруқ об-ҳаво билан бошланмоқда. 1—5 октябрь кунлари бутун республика бўйича об-ҳавонинг кам булутли ва ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда. Шамол, асосан, шарқий йўналишда эсади ва кучсиздан ўртачагача ўзгариши мумкин. Ҳарорат кечаси 5—10 даража, шимолда 2—7 даража илиқ, кундузи 20—25 даража бўлади.

«Умуман, октябрь ойи ҳам ҳарорат режими, ҳам ёғинлар миқдори бўйича ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда, бироқ айрим жойларда ёғингарчилик меъёрдан ортиқ бўлиши мумкин», дейилади Гидрометеорология хизмати маркази хабарида.

Иқлимий меъёрларга кўра, октябрда Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида 3 дан 5 гача, қолган ҳудудларда 5 дан 7 гача ёғингарчиликли кунлар бўлади. Ёғинлар, асосан, ёмғир кўринишида, ҳарорат кескин совиганда эса ёмғирнинг қорга қисқа муддатли ўтиши эҳтимоли бор. Таъкидланишича, Тошкентда сўнгги марта 2018 йилда ёмғирнинг қорга ўтиши қайд этилган. Октябрда кундузги ҳарорат 23—28 даражадан 10—15 даража илиққача ўзгариб туради.

«Албатта, табиат «ўзини кўрсатади» ва баъзан амалдаги ҳарорат ва ёғинлар миқдори кўп йиллик давр учун ўртачалаштирилган қийматлардан анча фарқ қилиши мумкин.

Тошкентда, масалан, метеорологик кузатувларнинг юз йиллик тарихида айрим йилларда октябрдаги энг юқори ҳарорат 33—36 даража иссиқни ташкил қилгани қайд этилган. Октябрь ҳароратининг абсолют максимуми 37,5 даража бўлиб, бу рекорд 1941 йилга тегишлидир. Тошкент учун октябрь ойидаги энг паст ҳарорат 11,2 даража совуқни ташкил қилади ва бу кўрсаткич анча олдин — ўтган асрнинг бошида қайд этилган. Охирги 20 йил ичида Тошкентдаги минимал ҳарорат 1—2 даража совуқдан паст бўлмаган», дейилади «Ўзгидромет» хабарида.

Аввалроқ Ўзбекистонга 22 сентябрдан салқин ва қуруқ ҳаво оқими кириши кутилаётганлиги ҳақида хабар берилганди.