Пахтаободда фуқарога тегишли иссиқхона ва боғ бузиб ташланаётгани ҳақидаги хабар рад этилди

Андижон вилояти Пахтаобод туманида фуқарога тегишли иссиқхона ва боғ бузиб ташланаётгани ҳақидаги хабар юзасидан туман ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, 28 сентябрь куни Пахтаобод тумани Маданият қишлоғида яшовчи фуқаро А.Комилов «Ер олиб боғ барпо қилиб, энди чапак чалиб қолавераманми?!» номли мурожаат йўллаган.

Хабарга кўра, фуқаро А.Комилов ҳақиқатан ҳам Андижон 1-сон пахта тозалаш заводи АЖга тегишли умумий ер майдони 73,96 квадрат метр бўлган қоровулхона ва тарозихона биноларини сотиб олган. Бироқ А.Комилов қонуний сотиб олган бино-иншоотлари ёнидан туман захирасида бўлган 235,77 метр квадрат ер майдонига иссиқхона ва 52 п/м қўрғон девори бино-иншоотлари қурган. Аммо, ушбу қурилишлар учун қонуний асос — тегишли қарор ва кадастр ҳужжатлари йўқ. Шу ҳудуд фуқароси М.Собировга эса 0,20 гектар ер участкаси асаларичиликни ривожлантириш учун аукцион савдоси орқали харид далолатномасига асосан туман ҳокимлигининг қарори билан ажратилган.

«Бу ер майдони А.Комиловга кадастр ҳужжатлари бўйича тегишли бўлган бино-иншоотларга ҳеч қандай даҳлдорлиги йўқ бўлиб, фақатгина А.Комилов ноқонуний равишда эгаллаб олиб, қурган иссиқхона ва қўрғон деворининг бир қисмини ичига олади. Ҳудди шу нуқтада А.Комилов ва М.Собировлар ўртасида зиддият юзага келган. Яъни тадбиркор М.Собировни ўзига қонунан тегишли бўлган ер участкасига кириб иш бошлаши учун ерни ноқонуний эгаллаб олган А.Комилов бир неча йилдирки қаттиқ қаршилик қилиб келмоқда.

Фуқаро А.Комилов томонидан туман ҳокимининг фуқаро М.Собировга аукцион савдолари ғолиби сифатида берилган далолатномага асосан чиқарилган туман ҳокимининг қарорига нисбатан маъмурий судга шикоят келтирган, мазкур шикоят юзасидан туман маъмурий суди, вилоят маъмурий суди ва Олий судида кўриб чиқилиб фуқаро А.Комиловни шикояти рад қилинган», — дейилади хабарда.

Ҳозирги кунда «Андижон 1-сон пахта тозалаш» АЖ томонидан туман Маъмурий судига туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида шикоят ариза киритилган бўлиб, суд жараёнлари давом этмоқда.

Маълумотларга кўра, мурожаатчи А.Комиловнинг иссиқхона ва боғини ҳеч ким ноқонуний равишда бузиб ташламоқчи эмас. Ҳокимият томонидан амалга оширилаётган хатти-ҳаракатларнинг барчаси қонуний характерга эга.

Муносабат Андижон вилоят Маъмурий суди аппеляция инстанциясининг 2019 йил, 30 октябрдаги қарорига асосан тайёрланган.

Аввалроқ Тойлоқда ерни ноқонуний ўзлаштирган 5 нафар фуқародан салкам 33 миллион сўм, Ургутда эса 6 нафар фуқародан 60 миллион сўм жарима ундирилиши ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар