Тойлоқда ерни ноқонуний ўзлаштирган 5 нафар фуқародан салкам 33 миллион сўм жарима ундирилади

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида ерни ноқонуний ўзлаштирган 5 нафар фуқародан 32,5 миллион сўмдан ортиқ жарима ундирилади. Бу ҳақда «Zarnews» хабар берди.

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Tez News»

Маълум қилинишича, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Тойлоқ тумани бўлими томонидан ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича мониторинг-таҳлиллар ўтказилган.

«Хўжаюз» маҳалласида яшовчи беш нафар фуқаро «Мусохон Зиёхон» фермер хўжалигидан 0,31 гектар суғориладиган ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний равишда уй-жой қуриб, ер майдонини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқарган. Оқибатда давлатга жами 31 миллион 485 минг 464 сўм зарар етказилгани аниқланиб, судга даъво аризаси киритилган.

Тойлоқ туманлараро фуқаролик судининг ҳал қилув қарорига кўра жавобгарлар ҳисобидан давлат фойдасига 31 миллион 485 минг 464 минг сўм етказилган зарар ҳамда давлат фойдасига 1 миллион 349 минг 212 сўм давлат божи ундирилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда терговчиларнинг 447 та ноқонуний қарори бекор қилиниб, 41 миллиард сўмлик моддий зарар ундирилгани ҳамда Самарқандда фуқароларни қарийб 787 миллион сўмга чув туширган агентлик мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилинганди.

Аввалроқ Ургутда ерни ноқонуний ўзлаштирган 6 нафар фуқародан 60 миллион сўм жарима ундирилиши ҳақида хабар берилган.