Ургутда ерни ноқонуний ўзлаштирган 6 нафар фуқародан 60 миллион сўм жарима ундирилади

Самарқанд вилояти Ургут туманида ерни ноқонуний ўзлаштирган 6 нафар фуқародан 60 миллион сўм жарима ундирилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Агроинспекциянинг Ургут тумани бўлими томонидан туман ҳокимининг 2019 йил 9 декабрдаги «Туманда фермер хўжаликлари томонидан ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, жойларда қишлоқ хўжалиги, айниқса, суғориладиган ер майдонларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланишни таъминлашда хато-камчиликлар ва қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилмаслиги ҳамда фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер майдонларидан мақсадли фойдаланишни хатловдан ўтказиш тўғрисида»ги фармойиши юзасидан мониторинг тадбирлари ўтказилди.

Ўрганишда туманнинг «Мирзақишлоқ» маҳалласида 6 нафар фуқаро «Тошкентбой нур зиёси» фермер хўжалигининг ер майдонини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқаргани маълум бўлди. Оқибатда фуқаро А.Х. 20 миллион 675 минг 600 сўм, М.З. 11 миллион 26 минг 500 сўм, Ш.У. 3 миллион 281 минг 700 сўм, Е.Э. 7 миллион 876 минг сўм, Д.Ж. 6 миллион 38 минг 300 сўм ва М.Б. 11 миллион 26 минг 500 сўм миқдорида давлатга зарар етказганлиги аниқланди.

Ер майдонини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқариши оқибатида давлатга етказилган зарарни ундириш юзасидан «Ўзагроинспекция»нинг Ургут тумани бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига даъво аризалари киритилди.

Мазкур даъво ариза ва тўпланган ҳужжатлар фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди ва даъво аризаси қаноатлантирилди. Жавобгарлардан давлатга етказилган зарарни ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилди.

Маълумот учун, Ёзёвонда тадбиркорларга салкам 10 миллион сўм моддий зарар етказган мансабдорга чора кўрилди.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда терговчиларнинг 447 та ноқонуний қарори бекор қилиниб, 41 миллиард сўмлик моддий зарар ундирилгани ҳамда Самарқандда фуқароларни қарийб 787 миллион сўмга чув туширган агентлик мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар