Ёзёвонда тадбиркорларга салкам 10 млн сўм моддий зарар етказган мансабдорга чора кўрилди
Фарғонада тадбиркорга 9 миллион 914 минг сўм миқдорда моддий зарар етказган электр таъминоти корхонаси раҳбарига нисбатан туман прокуратураси томонидан чора кўрилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, Ёзёвон тумани электр таъминоти корхонаси раҳбари М.Н. «Qoxorova Oysaxon», «Dilyara Diana Fayz» ва «Brend Biznes Ice Cream» оилавий корхоналарига қонуний имтиёзларни қўлламасдан, электр тўловларини асоссиз равишда, юридик шахслар учун белгиланган тарифларда ҳисоблаб, уларга жами 9 миллион 914 минг сўм миқдорда моддий зарар етказган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ёзёвон туман прокуратураси томонидан асоссиз ундирилган маблағларни қайтариш чоралари кўрилиб, электр таъминоти корхонаси раҳбари М.Н.га нисбатан 5 сентябрда маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда терговчиларнинг 447 та ноқонуний қарори бекор қилиниб, 41 миллиард сўмлик моддий зарар ундирилгани ҳамда Самарқандда фуқароларни қарийб 787 миллион сўмга чув туширган агентлик мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилинганди.