Тойлоқда 3 нафар ўқитувчи «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди (фото)

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида 3 нафар ўқитувчи «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, 30 сентябрь куни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Тойлоқ туман ҳокимлигида  байрам тадбири бўлиб ўтган. Тадбирда туман ҳокими Баҳодир Бабоназаров, туман ҳокими ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, халқ таълими бўлими ходимлари, ўқитувчи ва мураббийлар иштирок этган.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Байрамда туманнинг бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлари тақдирланган. 5-умумтаълим мактабининг икки нафар ўқитувчиси Раъно Манонова ва Меҳрибон Салимова, 21-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Мария Абдусаитовалар Халқ таълими вазирининг «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан мукофотланган.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, бир гуруҳ соҳа ходимларига вилоят халқ таълими бошқармаси ва туман халқ таълими бўлимининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилган.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

«Ўқтиувчилик ҳам машаққатли, ҳам шарафли касб, лекин йиллар ўтиб қилган меҳнатларинг бўй кўрсатса, шогирдларинг катта-катта ютуқларга эришса, чеккан заҳматларинг унутилади. Бугун кўксимни безаб турган мана бу кўкрак нишон нафақат мени, балки туманимиздаги барча устоз ва мураббийларнинг меҳнатлари меваси десам янглишмайман», — дейди «Халқ таълими аълочиси» Раъно Манонова.

Аввалроқ Самарқанд туманида 22 нафар фуқаро «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан, Бухорода туризм соҳасига сармоя киритган франциялик аёл кўкрак нишон билан тақдирлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар