Бухоро шаҳрида яширин сауна ва массажхоналарнинг 15 дан ортиқ мижозлари аниқланди (видео)

Бухоро шаҳрида вилоят Ички ишлар бошқармаси ва турли ҳамкор ташкилотлар иштирокида тунги кўнгилочар манзиллар бўйлаб тезкор профилактик тадбирлар ўтказилганда карантин талабларига зид равишда ноқонуний сауна, массаж ва чилимхона хизматлари йўлга қўйилгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, вилоятда ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув, Ҳуқуқ бузарликлар профилактикаси ва ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида жинсий эркинлик, ахлоққа қарши жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилиши мумкин бўлган объектлар, тунги кўнгилочар клублар, сауналар ва массажхоналарда навбатдаги тезкор профилактик тадбирлар ўтказилган.

Шу ўринда, Бухоро шаҳрининг Муҳаммад Иқбол кўчасида жойлашган «Абрикос» оилавий корхонасида 10 нафарга яқин, «Моҳи Хоса» маҳалла фуқаролар йиғини Шифокор кўчаси 67-уйда жойлашган оилавий меҳмон уйида эса 6 нафар фуқаро борлиги ҳамда Газли шоҳ кўчасида жойлашган «Марута» кафесида ўтказилган тезкор профилактик тадбирлар натижасида сауна, массаж ва чилимхона хизматлари йўлга қўйилгани аниқланган.

Фото: Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати

Фото: Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати

Пандемия даврида фаолияти тақиқланган бўлишига қарамай, карантин қоидаларига зид равишда фаолият юритиб, массаж хизматининг йўлга қўйилганлиги аниқланиб, хизмат кўрсатиш объектларининг эгалари ва ушбу жойда бўлган фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қонуннинг 54-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Фото: Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати

Шунингдек, шаҳарнинг тунги кўнгилочар клублари, дискотека ва билярд залларида вилоят Ички ишлар бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси билан ўтказилган ҳамкорликдаги тадбирда қонунларни менсимасдан спиртли ичимлик истеъмол қилиб, карантин қоидаларини бузган ҳолда, ҳимоя ниқобисиз ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз юрган чет эл фуқаролари (Молдовия) аниқланиб, улар билан профилактик суҳбат ўтказилиб расмий огоҳлантирилган.

Фото: Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати

Аввалроқ Наманганда ОИТСга чалинган фоҳиша огоҳлантиришларга қарамай, 6 нафар эркак билан алоқада бўлгани аниқлангани, Сирдарёда ОИТСга чалинганини яшириб, турмуш қурган аёлга суд ҳукми ўқилгани ва Қўқонда уйида фоҳишахона ташкил қилган шахс ушлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар