Наманган шаҳар ҳокимлиги 48 та кам таъминланган оилага тикув машинаси тарқатди

Наманган шаҳрида 30 октябрь куни 1—3 сектор ҳудудларида кам таъминланган оилаларга тикув ва чок машиналари тарқатилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, октябрь ойида 1-сектор, шаҳар ҳокимлиги ҳудудида жами 48 та кам таъминланган оилага тикув машинаси тарқатилган. Субсидия маблағлари ҳисобидан 141,6 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Шунингдек, ўтган 9 ой мобайнида 2-сектор, шаҳар прокуратураси ҳудудида 100 та кам таъминланган оилага жами 223 миллион сўмлик субсидия асосида чок машиналари берилган.

Бундан ташқари, 3-сектор — Ички ишлар бўлими ҳудудида октябрнинг ўзида жами 100 та кам таъминланган оилага тикув машинаси тарқатиш режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар 19 та оилага тикув машинаси тарқатилган. Ой якунига қадар чок машиналарини тўлиқ тарқатиш чоралари кўрилган.

Аввалроқ Наманганда 92 миллиард сўмлик лойиҳа тўлиқ ишга туширилиши билан 1000 та янги иш ўрни яратилиши, Наманган шаҳрида 54 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар