Наманганда 92 млрд сўмлик лойиҳа тўлиқ ишга туширилиши билан 1000 та янги иш ўрни яратилади (фото)
Наманган вилоятида умумий қиймати 92 миллиард сўм бўлган лойиҳа ишга туширилиши билан 1000 та янги иш ўрни яратилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов Наманган шаҳрининг Ровустон даҳасида қурилган «Namangan paхta teks» кластер корхонасининг очилиш маросимида иштирок этган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 92 миллиард сўм бўлиб, ускуналарни сотиб олиш, биноларни тайёрлаш, ўрнатиш ва ишга тушириш жараёнларини молиялаштириш тўлалигича «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти ва тизимдаги корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилган.
Мазкур корхонага Хитой Халқ Республикасининг «WILTOP export & import» компаниясида ишлаб чиқарилган қиймати 6,78 миллион АҚШ долларига тенг йигирув, тўқув, тикув ва бўяш технологик линиялари сотиб олинган. «Namangan paхta teks» МЧЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан лойиҳа доирасида реконструкция ва қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун жами 5,0 миллиард сўм маблағ сарфланган.
Маълумотларга кўра, корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 4000 тонна пахта толасини қайта ишлаб, 3400 тонна калава-ип ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бундан 500 тонна момиқ сочиқ ва 3 300 минг п/м мато ишлаб чиқарилади ҳамда буюртмага асосан 1300 тонна калава-ип маҳсулотлари истеъмолчиларга хом ёки бўялган ҳолда етказиб берилади. Ушбу лойиҳа тўлиқ ишга тушиши билан 1000 та янги иш ўрни яратилади.
«Namangan paхta teks» МЧЖда ишлаб чиқарилган тайёр матоларнинг 20 фоизини республикада янги ташкил этилган тикув-трикотаж мажмуаларига етказиб бериш, қолган 80 фоиз тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш кўзда тутилган. Косонсой туманидаги пахта хом-ашёси етиштиришга режалаштирилган 3955 гектар ер майдони мазкур МЧЖга ажратиб берилган. Бу билан лойиҳа доирасида кластернинг пахта хом-ашёсидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини тўла қондиришга муҳим омил яратилган.
Қайд этилишича, 2020 йил пахта ҳосилидан жами 11 300 тонна хом-ашё етиштириш режалаштирилган бўлиб, тумандаги 173 та фермер хўжалиги билан шартномалар тузилган ва белгиланган тартибда бўнак пуллари тўлиқ ўтказиб берилган. Шунингдек, лизинг асосида 12 дона ТТЗ-10 НС чопиқ трактори, 10 та КХУ-4В культиватори, 4 та ОВХ-600 пуркагичи, 4 та штангел «ALFA-60» баргдан озиқлантириш мосламаси, 4 та СЧХ-4В чигит экиш сеялкаси сотиб олиниб, фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, лойиҳа ишлари давом эттирилиб, унга кўра 2021 йилнинг II чорагида пахта чигити ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ёғ-мой ишлаб чиқариш корхонасини ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳанинг қиймати 7,5 миллиард сўмни ташкил этиб, 100 фоиз кластер корхонаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Натижада қўшимча 50 та янги иш ўрни яратилади.
«Кластер тизимига асосланган бундай йирик корхонанинг ташкил этилиши вилоят иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Бу билан 1000 нафардан ортиқ кишининг бандлиги таъминланади, экспорт режалари бажарилади, бюджетга тушумлар ортади. Биз ҳар бир ҳудудда шундай ишлаб чиқариш қувватига эга корхоналар бўлишидан манфаатдормиз», — дейди вилоят ҳокими.
Аввалроқ Учқўрғонда қиймати 26 млрд сўмлик «Ёғду» кичик саноат зонаси ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.
Бундан ташқари, Наманганда умумий қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ булган 93 та лойиҳа амалга оширилиши хабар қилинган. Шунингдек, Наманган ва Андижонда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатига ихтисослаштирилган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиши маълум қилинди.