Шавкат Мирзиёев: «Мактабда ўқитиш методикаси ўзгармаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам, муҳит ҳам ўзгармайди»

Шавкат Мирзиёев раислигида 30 октябрь куни таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, йиғилишда бугунги модернизация жараёнлари, ислоҳот ва ўзгаришлар натижадорлиги мактаб таълимига, янги авлод кадрларини етиштириш масаласига бориб тақалаётгани қайд этилган. Шу боис мактаб директорлари ва муаллимларга кўп нарса боғлиқлиги, мактаблар нафақат таълим маскани, балки маҳалланинг маданий, интеллектуал маркази бўлиши зарурлиги таъкидланган.

«Биз устозни отадай улуғ деб билган, доимо ардоқлаган маърифатпарвар халқнинг вакилларимиз. Мен ҳам ўқитувчи, муаллим деганда ўзим учун энг азиз ва ҳурматли бўлган, зиёли ва замонавий, самимий ва меҳрибон инсонларни тасаввур қиламан. Чунки ҳаммамизга ҳам шу муаллим сабоқ ва таълим бериб, меҳрибон ота-оналаримиз қаторида тарбиялаган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдеворини яратяпмиз. Бунда бизнинг энг яқин кўмакчиларимиз устоз ва мураббийлар, илмий ва ижодкор зиёлилардир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, ҳар бир оила, ҳар бир бола ҳаёти мактаб билан боғлангани, бу масала давлатнинг, жамиятнинг энг муҳим иши экани таъкидланган.

«Мактабда ўқитиш методикаси ўзгармаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам, муҳит ҳам ўзгармайди. Ҳаммамиз азиз фарзандларимиз ҳаёти ва тақдирини ўқитувчи ва мураббийларга ишониб топширамиз. Мана шундай беқиёс бойлик посбонлари, келажак бунёдкорлари бўлган бу мўътабар зотларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз керак», — деди Президент.

Янги методикани самарали йўлга қўйиш учун барча мактаб ўқитувчилари видеоалоқа орқали хорижий мутахассислар иштирокида ўқитилади. Ушбу жараёнларга педагогика йўналишидаги университет ва институтлар ҳам жалб қилиниб, педагог кадрлар тайёрлаш методикаси ҳам янгиланади. Шунингдек, математика, физика, кимё, биология ва информатика фанлари бўйича чет эллардаги дарсликлар ўрганиб чиқилади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Шимолий иқтисодий ҳамкорлик II халқаро форумида иштирок этганди.

Янгиликлар