Тошкентлик эркак 2 та итни гўшти учун сўйганликда айбланди

Тошкент шаҳри Яшнобод туманида яшайдиган эркак 2 та итни гўшти учун сўйганликда айбланди. Бу ҳақда «Mehr va Oqibat» нодавлат-нотижорат ташкилоти Telegram каналида хабар бериди.

Фото: «Mehr va Oqibat» нодавлат-нотижорат ташкилоти

Маълум қилинишича, 6 октябрь, сешанба куни ташкилотга Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги «Тонг» маҳалласи фуқароларидан мурожаат йўлланган. Мурожаатга кўра, мазкур МФЙда яшайдиган фуқаролардан бири хонадонида итларни гўшт учун сўйган.

Хабарга кўра, 5 октябрь куни мазкур ҳудудда фуқаролар 2 та итни кўрган ва 6 октябрь куни итлар йўқолиб қолган. Ит сўйишда гумонланган фуқаро 7 кун олдин қўшниларига тегишли иккита итни алдаб ушлаган ва уларни уйига боғлаб қўйган. Лекин буни кўрган қўшнилар шовқин қилгач, эркак итларни қўйиб юборган.

Ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти вакиллари 7 октябрь куни ариза берувчилар, участка инспектори ва маҳалла раиси билан биргаликда ҳудудни ўрганиб чиққан. Ўрганишлар давомида эркак ҳовлисида катта қозон борлиги аниқланган. Бу ҳақда сўралганда хонадон эгаси итларни тутмагани ва сўймагани ҳамда ушбу қозондан маҳаллада бўладиган тадбирларда ош тайёрлаш учун фойдаланишини айтган. Шунингдек, эркак тунда кимдир эшикни бузиб, итларни ўғирлаганини таъкидлаган.

Ташкилот итларнинг ўлдирилгани бўйича аниқ маълумотлар йўқлиги учун профилактика инспектори ушбу иш материалларини судга тақдим эта олмаслигини қайд этган.

Бундан аввал Зарафшонда мушук ва итлар заҳарлаб, отиб ўлдирилаётгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Тошкентда ухлаётган итга қайноқ сув тўккан хавфсизлик ходими ишдан бўшатилгани маълум қилинган.