Ўзбекистонда ўтган 10 ойда экспорт қилинган тўқимачилик маҳсулотлари ҳажми маълум бўлди

Ўзбекистон 2020 йил январь–октябрь ойларида қиймати 1,5 миллиард долларга тенг бўлган тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, мамлакат 2020 йилда 65 та давлатга тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилган. Шунингдек, Ўзбекистон 2019 йилнинг 10 ойига нисбатан экспорт ҳажмини 209,9 миллион долларга оширган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган 10 ой мобайнида Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини энг кўп экспорт қилган давлатлар:

  • Россия 543,6 миллион доллар
  • Хитой 325,9 миллион доллар
  • Қирғизистон 223,9 миллион доллар
  • Туркия 174,4 миллион доллар
  • Польша 37,1 миллион доллар
  • Қозоғистон 34,9 миллион доллар.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига асосан, тўқимачилик маҳсулотларини энг кўп экспорт қилган ҳудудлар:

  • Тошкент шаҳри 244,7 миллион доллар
  • Aндижон вилояти 211,7 миллион доллар
  • Фарғона вилояти 201,1 миллион доллар
  • Тошкент вилояти 199,4 миллион доллар.

Аввалроқ Ўзбекистон 2020 йил январь–октябрь ойлари давомида 5,8 миллиард доллар миқдорида олтин экспорт қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь–сентябрь ойларида 217 771 та енгил ҳамда 2936 дона юк автомобиллари ишлаб чиқарилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар