Ўзбекистонда автомобиль каршеринг хизматларига имконият яратилди

Ўзбекистонда бутун мамлакат бўйлаб ўрнатилган мототранспорт  ва велосипедда ҳаракатланишни тақиқловчи йўл белгилари тегишли ҳаракат йўналишларидан уларни олиб ташлаш чоралари кўрилади. Бу ҳақда «Huquqiy axborot» Telegram каналида хабар берилди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, йўл белгиларини олиб ташлаш «Автомототранспорт воситаларини ёллаш ва ижарага бериш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, электромобиллар ва мототранспортлардан фойдаланиш, шунингдек, велосипедда мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ҳукумат қарори билан амалга оширилади.

Қарорга кўра, 2021 йил 10 январдан каршеринг ташкилотлари нотариал расмийлаштирмасдан ва ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказмасдан йўловчилар автотранспорти ва мототранспорт воситаларини 30 кунгача муддатга қисқа муддатли ижарага бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Қайд этилишича, Транспорт вазирлиги мамлакатда велосипед транспорти, велоинфратузилма, велошеринг (байкшеринг) фаолиятини (ижарага бериш) ривожлантиришни режалаштириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Хабарда каршеринг ташкилотларининг автомототранспорт воситалари махсус таниқлик белгига эга бўлиши шартлиги таъдланган. Бундан ташқари автомототранспортларни қисқа муддатли ижарага бериш бўйича фаолият Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичига киритилади.

Шунингдек, автомототранспорт воситаларини каршеринг ташкилотларидан ижарага олган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида мазкур ташкилотларга «Маъмурий амалиёт» автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш имконияти берилади.

Маълумот ўрнида, каршеринг жисмоний шахсларга, шу жумладан чет эл фуқароларига автомотранспорт воситаларини ижарага ва прокатга бериш бўйича хизматларни кўрсатиш фаолияти ҳисобланади.

Аввалроқ Фарғонада 2021 йилдан йўллардаги ҳуқуқбузарликлар дронлар ёрдамида аниқланиши ва Тошкент шаҳридаги кўчаларда от ва эшак аравалар ҳаракати чекланиши мумкинли маълум қилинганди.

Янгиликлар