Тошкент шаҳридаги кўчаларда от ва эшак аравалар ҳаракати чекланиши мумкин

Тошкент шаҳар ҳокимияти шаҳар кўчаларидаги тирбандликни олдини олиш мақсадида транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш тўғрисида қарор лойиҳасини 21 декабрь, душанба куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирди.

Фото: «FromUz»

Таклиф этилаётган қарорга кўра, йўлларда тирбандликлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида N1 категориясидаги (3,5 тоннагача бўлган ҳажмга эга) юк машиналарига соат 7:00 дан 10:00 гача ва 17:00 дан 20:00 гача ҳаракатланишни чеклаш режалаштирилмоқда.

Қайд этилишича, фавқулодда ва шунга ўхшаш кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши талаб этиладиган ҳолларда қонун ва қонуности ҳужжатлари билан белгиланган имтиёзли махсус транспорт воситаларининг ҳаракатланиши бундан мустасно.

Маълумот учун, лойиҳа 2021 йил 5 январгача муҳокама қилинади.

Аввалроқ пойтахтнинг айрим кўчаларида салкам 1 ойга транспорт ҳаракати тўхтатилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Президент Тошкентда йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга оид концепция тақдимоти билан танишган.

«Тошкент шаҳар кўчаларида юклама кўп, йўл ҳаракатини тартибга солишда камчиликлар етарли. Транспорт воситалари тирбандлиги йилдан-йилга ортиб боряпти. Шу боис Президент Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизими ва инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича топшириқ берган эди», дейилган Президент матбуот хизмати хабарида.

Янгиликлар