Президент Тошкентда йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга оид концепция тақдимоти билан танишди

Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь, душанба куни Тошкент шаҳрида йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга оид концепция тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унга кўра, Тошкент шаҳри кўчаларидаги муаммолар комплекс ўрганиб чиқилди. Геоинформацион тизим орқали транспорт ва йўловчилар оқими тадқиқ қилинди. Тақдимотда ана шу таҳлиллар натижалари ҳақида ахборот берилди.

«Тошкент шаҳрида аҳоли ҳамда транспорт воситалари кўпайиб бормоқда. Охирги 10 йилда шаҳарда автомобиллар сони 250 мингтадан 510 мингтага, яъни 2 баравар ошган. Шунга мос равишда транспорт инфратузилмаси ҳам ривожлантирилмоқда. Янги йўллар, кўприклар, ерусти метроси қурилмоқда.

Хусусан, 2020 йилда Тошкент метрополитенининг ‘Юнусобод’ йўналишида 2 та станция ҳамда ерусти ҳалқа йўлининг биринчи босқичи ишга туширилди. Жамоат транспортида 56 та йўналиш мақбуллаштирилди. Бунинг натижасида 170 минг аҳолининг транспорт хизмати яхшиланди. Уларнинг транспортга кетадиган вақти ўртача 15–20 минутга қисқарди.

Тошкент шаҳар кўчаларида юклама кўп, йўл ҳаракатини тартибга солишда камчиликлар етарли. Транспорт воситалари тирбандлиги йилдан-йилга ортиб боряпти. Шу боис Президент Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизими ва инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича топшириқ берган эди» — дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида 500 дан зиёд катта чорраҳалар мавжуд бўлиб, уларнинг 200 тасида транспорт воситаларини тезкор ўтказиш даражаси паст. Автомобиль тўхташ жойлари етишмаслиги сабабли йўлнинг биринчи қаторида машиналар йиғилиб, қатновга халақит бермоқда. Шунингдек, хабарда ҳайдовчилар учун маълумот белгилари ҳам етишмаслиги айтиб ўтилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Чилонзор туманини ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш масалалари муҳокамаси юзасидан маҳалла раислари, ёшлар, мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги янги бино қурилиши билан танишгани ҳақида хабар берилганди.