Фарғонада 2021 йилдан йўллардаги ҳуқуқбузарликлар дронлар ёрдамида аниқланади
Фарғона вилоятида 2021 йил 1 январдан йўллардаги ҳуқуқбузарликлар учувчисиз учадиган қурилмалар ёрдамида фиксация қилинади. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу қурилмалар ёрдамида куну-тун патруллик ташкил этилиб, белгиланган тезликка, йўл чизиқларига, светофор ишораларига амал қилмаган, пиёдалар ўтиш жойларида пиёдаларга йўл бермаган ҳайдовчиларни ҳамда тиббий ниқобдан фойдаланмаган, жамоат тартибини бузган фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлари аниқланади.
«Ҳурматли фуқаролар, мақсадимиз сизларни жаримага тортиб молиявий зиён етказиш эмас. Аксинча, инсон ҳаёти ва соғлигига дахлдор бўлган қоидаларга амал қилилишингизни таъминлашга қаратилган», дейилади ИИБ хабарида.
Аввалроқ Фарғонада ўрнатилган йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқловчи фотовидеофиксация қурилмалари 2 ноябрдан ишга туширилгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Фарғонада туман марказларидаги стационар камералар сони кўпайтирилиши хабар қилинган.
Шунингдек, Фарғонада йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқловчи фотовидеофиксация ва онлайн радар қурулмалари ўрнатилгани ҳамда вилоят ЙПХ ходимлари томонидан махсус планшетлар орқали 305 та коидабузарлик аниқлангани хабар қилинган.