Бухорода қарийб 200 млн сўмлик буғдой талон-торож қилинди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилоят бошқармалари томонидан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда Қоровулбозор туман дон қабул қилиш масканида 120,7 миллион сўмлик буғдой камомадига йўл қўйилганлиги аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Таъкидланишича, «Когондонмаҳсулотлари» акциядорлик жамиятига қарашли Қоровулбозор туман дон қабул қилиш маскани омбор мудири Н.Б.нинг жавобгарлигида бўлган 120,7 миллион сўмлик жами 77,9 минг килограмм буғдойнинг камомадига йўл қўйганлиги аниқланган.

Шунингдек, Вобкент туман дон қабул қилиш маскани омбор мудири Ж.Х. моддий жавобгар шахс бўла туриб, омборда сақлаб келинаётган жами 27,5 минг килограмм буғдойни 78,4 миллион сўмга сотиб юбориб, унга ишониб топширилган мулкни талон-торож қилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан омбор мудири Н.Б. ва Ж.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 2-қисми «а» ва «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Aввалроқ «Straus House» мансабдор шахсларига нисбатан суд ҳукми эълон қилингани ҳақда хабар берилганди. Компания таъсисчиси 9 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Янгиликлар