Ўзбекистонда «Саховат ва кўмак» жамғармаси томонидан 390 минг 822 та оилага қарийб 164 млрд сўмдан ортиқ ёрдам маблағи йўналтирилди

АОКА ҳузуридаги штабда 31 июль куни «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бошқарув раиси Дилшод Усмонов иштирокида брифинг ўтказилди. Унда «Саховат ва кўмак» ҳаракати доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳузуридаги «Саховат ва кўмак» жамғармасига ҳомийлар, хайрия ташкилотлар, кўнгилли ва саховатпеша фуқаролар томонидан жами 240 миллиард 709 миллион сўм келиб тушган.

390 минг 822 та оилага тасдиқланган рўйхат асосида 164 миллиард 824 миллион сўм ёрдам маблағи йўналтирилди.

Жумладан:

  • 282 943 та оилага 54 миллиард 50 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами ва зарур истеъмол товарлари;
  • 4199 та оилага 8 миллиард 495 миллион сўмлик дори-дармон, ҳимоя ниқоблари ва антисептик воситалари;
  • 27 196 та оилага 24 миллиард 832 миллион сўмлик бошқа турдаги  маҳсулотлар;
  • 76 484 та оилага 77 миллиард 627 миллион сўмлик нақд пул кўринишидаги маблағлар берилди.

Шу билан бирга республикада карантин қоидалари қайта кучайтирилганлиги муносабати билан ҳамда Республика махсус комиссияси раисининг топшириғига кўра, «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан 13 июлдан 31 июлга қадар қўшимча равишда 46 минг 351 та оилага 25 миллиард 612 миллион сўм хайрия маблағлари ажратилди:

  • 39 191 та оилани озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун 7 миллиард 595 миллион сўм;
  • 1345 та оилага дори-дармон ва санитария-гигиена маҳсулотларини етказиб бериш учун 7 миллиард 644 миллион сўм;
  • 2669 та оиланинг бошқа муаммоларини ҳал этиш учун 8 миллиард 301 миллион сўм;
  • 3146 та оилага моддий ёрдам бериш учун 1 миллиард 620 миллион сўм йўналтирилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 30 июль куни имзоланган фармонига мувофиқ, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар») киритилган оилаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун «Саховат ва кўмак» жамғармасига 200 миллиард сўм ажратилди.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Молия вазирлиги, ҳокимликлар, тижорат банклари, сектор раҳбарлари ва маҳаллалар билан биргаликда ишлаб, карантин даврида ўз даромадини йўқотган, кўп болали, якка ёлғиз ва ногиронлар, вақтинча ишсиз бўлган фуқароларга, яъни республика бўйича манзилли етказилади.

Янгиликлар