Саида Мирзиёева Қурбон ҳайити байрами билан табриклади

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Қурбон ҳайити муносабати билан ўз табригини йўллади:

«Бугун барча мусулмонлар учун муқаддас байрам — Қурбон ҳайити.

Олти ой олдин ҳаммаси бошқача эди. Ҳаёт бир маромда ўтарди, кўчаларда бемалол юрар, хоҳлаган жойимизга борар, ёқтирган ишларимиз билан шуғулланар ва, энг асосийси, қандайдир мақсадлар билан яшар эдик.

Бугун эса мамлакатимиз аҳли саросима ва қайғуда. Ўзбекистонимизда касаллик авж олган, бундан ҳар биримиз ташвишдамиз. Яқинлар, дўстлар, ота-оналар, қавму қариндошлар — ҳаммадан ҳар куни бир-биридан ғамгин воқеаларни эшитяпмиз. Буларни тинглаш оғир ва қайғули.

Яқинларини йўқотган барча кишиларга ўз ҳамдардлигимни билдираман. Хасталикка қарши мардонавор курашаётганларга шифо, уларга ғамхўрлик қилаётганларга эса сабр-тоқат тилайман. Сизга куч-қувват ёр бўлсин!

24 соат давомида тик оёқда ишлаётган шифокорларга таъзим қиламан, улар саломатликларини хатарга қўйиб, беморларни даволашда давом этмоқдалар. Бугун уйига боролмай, иш жойида қолишга мажбур бўлаётган барча-барчага минг раҳмат. Тўрт девор ичида буларнинг ҳаммасини тезроқ барҳам топишини сабрсизлик билан кутаётганларни яхши тушунаман. Осон эмас. Лекин ҳозир биздан талаб этиладигани фақат сабрдир. Кутишдан бошқа иложимиз йўқ.

Биз, албатта, одатий ҳаётимизга, эркин ва бахтиёр кунларга қайтамиз. Ишонтириб айтаманки, Президентимиз шундай кунлар тезроқ келиши учун ҳамма чораларни кўрмоқда, бирор сўзингизни эътибордан четда қолдирмай, ҳар бирингизнинг дардингизга шерик бўлмоқдалар. Президент учун ҳаммамиз, бутун халқимиз ягона, катта бир оила ва бунда ҳар бир инсоннинг муносиб ўрни бор.

Мана шундай ёруғ ва улуғ байрамда барчамиз куч ва жасоратимизни жамлаб, дуода бўлишимизни сўрайман. Бугун касаллик туфайли орамиздан кетганлар учун, хасталик билан курашаётганлар ва уни енгаётганлар учун, яқинларини йўқотиб, изтироб чекаётганлар, барча-барча учун. Фарзандлари қорнини тўйдириш ғамида юрганлар учун. Ўзида борини бегоналардан аямаётган кўнгиллилар учун. Ва ҳамма нарса ҳақида очиқ-ойдин гапирадиганлар учун.

Ўзбекистон халқи учун.

Байрам муборак! Ҳаммага осойишталик тилаймиз».

Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити муносабати билан табрик йўллагани хабар қилинган эди. Шунингдек, Андижон ва Фарғона ҳокимлари ҳам вилоят аҳлини байрам билан табриклаган.

Янгиликлар